Амалдаги чемпион «Манчестер Сити» ва чемпионшип ғолиби сифатида юқори лигага қайтган «Бёрнли» тўқнашуви билан бошланадиган АПЛнинг янги мавсумида интригалар жуда кўп. Барча топ-клублар топ даражадаги трансферлар амалга оширди, қайсидир клублар косметик таъмирлар билан кифояланган бўлса, қаерлардадир — глобал қайта қуриш амалга оширилди. Бу мавсумда Англия жамоалари қандай кураш олиб боришини кузатиш қизиқарли бўлиши кафолатланган. 

Чемпионлик учун кимлар рақобатлашади? Кучли тўртликни қайси жамоалар ташкил этади?

Ўтган мавсум охирида чемпионликни бой бериб қўйган ва хатолардан хулоса чиқарган «Арсенал» футболчиларининг бу мавсумдаги иштиёқи ва ғалабага чанқоқлиги ўта юқори. Аччиқ тажриба тўплаган Микел Артета янги мавсумда ўз устози Пеп Гвардиоладан ўзиб кетиш учун яна бир уринишни амалга оширади.

«Арсенал» аъло даражадаги трансфер кампанияси олиб борди ва ҳар бир чизиқни мустаҳкамлади. Аарон Рамсдейлга ўтган мавсумда кўп кўрсаткичлар бўйича юқори натижалар қайд этган испаниялик Давид Райя рақобат қилади, ҳимояга универсал Юрриен Тимбер олиб келинди (у чапда ҳам, ўнгда ҳам ва ҳимоя марказида ҳам, таянч яримҳимоячиси сифатида ҳам ўйнаши мумкин), яримҳимояга эса - 116 миллион евролик Деклан Райс. Ва ниҳоят жамоа таркиби Кай Ҳаверц билан тўлдирилди: у марказий ҳужумчи позициясида ҳам, яримҳимояда ҳам ўйнаши мумкин.

«Арсенал» чемпионатни ютиш учун (жамоа катта эҳтимол билан ЕЧЛдан кўра ички чемпионат ўйинларини биринчи ўринга қўяди) максимал даражада чоғланган бир вақтда ўтган мавсум олтин требл қайд этган «Манчестер Сити» ва Гвардиола қўшимча мотивация топиши ва ўзи билан ўзи курашиши керак бўлади. Клуб рамзларига айланган Илкай Гундўған ҳамда Риёз Маҳрезнинг кетишига йўл қўйиб берган Пеп 2023/24 йиллар мавсумини навбатдаги кичик қайта қуриш учун қурбон қилишга тайёр эканини намойиш этди — бундай ҳолда эса ўқувчиси ундан ўзиб кетиши тайин. Бу ҳолат 2019/20 йиллар мавсумида ҳам кузатилганди: ўшанда Гвардиола аламзада «Ливерпул» ниҳоят ўз мақсадига етишига жиддий қаршилик қилмаганди.

Бу сафарги чемпионлик пойгасида ҳам «Манчестер Сити»нинг рақиби «Манчестер Сити»нинг ўзи бўлади. Жамоа ниҳоят орзиқиб кутилган Чемпионлар лигаси ғолиблигига етишгани жамоага таъсир қилмасдан қолмайди. Буни содда қилиб — байрамдан кейинги карахтлик ва бўшашиш деб аташ мумкин. Январ ойида «Тоттенҳэм»га қарши кечган ўйиндан кейин (ўшанда «шаҳарликлар» биринчи бўлимда икки гол ўтказиб юборган ва ўйинга фақат иккинчи бўлимда қайта олиб, 4:2 ҳисобида устунликка эришганди) кейинги матбуот анжуманида Пеп Гвардиола очиқчасига футболчиларидан нолиган ва уларни совринларга тўйиб қолиб, иштиёқни йўқотиб қўйишда айблаганди. Унинг ўша нутқи жамоани силкитган ва футболчилар мавсумнинг қолган қисмини намунали даражада ўтказишганди. Аммо треблдан кейин ҳам мураббий буни уддалай оладими? Сўнгги мавсумларда космик ўйин кўрсатган Илкай Гундўғаннинг ўрнини билинтирмаслик имкони бўладими? Нима бўлганда ҳам, Гвардиолани олдиндаги мавсумда жуда кўп иш кутмоқда.