Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) Kun.uz'га велосипеддан фойдаланиш, унинг фойдали жиҳатлари, бу борада дунё тажрибаси ва Ўзбекистондаги ҳолат ҳақидаги таҳлилларини, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун тавсияларини тақдим этди.

Саломатлик, экология ва иқтисодиёт учун фойдали қурилма

Биринчидан, велосипедлар, шубҳасиз, саломатлик учун фойдали транспорт воситаси. Уни ҳайдаш – юрак-қон томир тизимини машқ қилдириб, суяк ва мушакларни мустаҳкамлайди, ортиқча вазн, диабет ва бошқа сурункали касалликлар хавфини камайтиради. Ҳар куни ишга велосипедда борадиган кишиларда саратон касаллигига чалиниш хавфи 45 фоизга, юрак-қон томир касалликлари хавфи эса 46 фоизга камайиши аниқланган.

Иккинчидан, атроф-муҳитга заҳарли газ чиқармагани сабабли бу қурилмалар экология учун ҳам фойдалидир. 2022 йилда шахсий автомобиллар глобал нефт истеъмолининг 25 фоиздан ортиғини ва улардан чиқувчи зарарли газлар глобал карбонат ангидрид (CО2) эмиссиясининг тахминан 10 фоизини ташкил этган. Велосипедлардан фойдаланиш автомобиллардан ажралувчи газларни камайтириш орқали атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олади.

Нидерландияликлар велосипедда кунига ўртача 2,6 км ҳаракатланади. Агар мазкур одат бутун дунё бўйлаб татбиқ қилинганда эди, атмосферага йиллик карбон диоксиди ажралмаси 686 млн тоннага камаярди. Бу ҳажм кўпгина мамлакатлар, жумладан, Буюк Британия, Канада, Саудия Арабистони ва Австралиянинг умумий CО2 эмиссиясидан ортиқдир.

Учинчидан, велосипедлар иқтисодий жиҳатдан ҳам одамларга манфаат келтиради. Гап шундаки, велосипед билан қилинадиган саёҳатларнинг ортиши, автомобилдан фойдаланиш даражасини қисқартиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, велосипеддан фойдаланиш улушини 6 фоизга ошириш йиллик глобал иқлим ўзгаришини юмшатиш учун йўналтириладиган маблағларни тахминан 1,2 млрд АҚШ долларига тежайди.