Жаҳон | 08:56 / 16.08.2023
18089
4 дақиқада ўқилади

Киев НАТО бош котиби штаби раҳбарининг баёнотини танқид қилди

Столтенберг идораси раҳбари Украина ҳудудининг бир қисмидан воз кечса, иттифоққа аъзо бўлиши мумкинлигини билдирди. Зеленскийнинг идораси бундай версияни рад этди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги Киев «ҳудудлари билан савдолашмаслигини» маълум қилди.

Михайло Подоляк

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк НАТО бош котиби штаби бошлиғи Стиан Йенссеннинг ҳудудий имтиёзлар фойдасига мамлакатнинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш имконияти ҳақидаги баёнотига кескин муносабат билдирди.

«Дунё тартибини сақлаб қолиш ва «ёмон тинчлик» ўрнатишга уринишлар, тан олайлик, рақиб томон ғалабаси тинчлик келтирмайди, балки шармандалик ва уруш олиб келади. Бу янги «Европа бўлиниши»нинг ҳар қандай форматига, шу жумладан, НАТО бўйича ҳолатга ҳам тегишли», деб ёзди Подоляк 15 август, сешанба куни X микроблоглар сервисидаги (собиқ Twitter) саҳифасида. 

«Хўш, нега қурол етказиб беришни тезлаштириш ўрнига Россия учун кутилаётган музлатиш сценарийси таклиф қилиняпти? Қарши томонни даҳшатли индулгенциялар билан рағбатлантиришнинг ҳожати йўқ», деди Подоляк. 

Украина ТИВ: ҳудудлар эвазига НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги гапларни қабул қилиб бўлмайди 

«Украина ҳудудларининг бир қисмидан воз кечиш эвазига НАТОга қўшилиш ҳақидаги гапларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди, - деб ёзган Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенко 15 август куни Facebook’да. - НАТО расмийларининг ҳудудлардан воз кечиш бўйича берган баёнотлари Россия фойдасига ўйнайди. Украинанинг ғалабасини тезлаштириш ва НАТОга тўлиқ аъзо бўлиш йўлларини муҳокама қилиш эса евроатлантика хавфсизлиги манфаатларига мос келади». 

НАТО бош котиби идораси раҳбари урушни тугатиш бўйича «эҳтимолий ечимларни» санади 

Аввалроқ Стиан Йенссен Украина Россияга «маълум бир ҳудудни бериш эвазига» НАТОга аъзо бўлиши ва бу урушни тугатиш ечимининг бир қисмига айланиши мумкинлигини тан олди. «Менимча, ечим - Украина ҳудуддан воз кечиши ва бунинг эвазига НАТОга аъзо бўлиши», — деди Йенссен Норвегиянинг Арендал шаҳрида бўлиб ўтган дебатлар чоғида, унинг сўзлари Verdens Gang (VG) нашри томонидан келтирилган. 

Шу билан бирга, у НАТО бош котиби Йенс Столтенберг аввалроқ айтган сўзларини такрорлади: «Украина қачон ва қандай шароитда музокара олиб боришни ўзи ҳал қилиши керак». Йенссен, шунингдек, уруш тугаганидан кейин Украинадаги хавфсизлик вазияти қандай бўлиши ҳақида ўйлаш керак, деган фикрни билдирди. «Биз буни муҳокама қилишимиз муҳим», деди у.

Нашр журналистининг: «НАТО Украина Россия билан тинчликка эришиш ва келажакда альянсга аъзо бўлиш учун ҳудудни бериши керак, деб ҳисоблайдими?» деган саволига Йенссен урушдан кейинги эҳтимолий мақом бўйича муҳокамалар давом этаётганини ва бошқа давлатлар ҳам ҳудудларни Россияга бериш ҳақидаги масалани кўтараётганини айтди. «Мен шундай бўлиши керак демаяпман. Лекин бу эҳтимолий ечим бўлиши мумкин», деб тушунтирди у. 

Мавзуга оид