Жаҳон | 07:52 / 17.08.2023
6040
4 дақиқада ўқилади

Беларусда «Вагнер гуруҳи» юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди

Беларус Адлия вазирлигининг юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат регистрига кўра, «Вагнер гуруҳи» МЧЖ «таълим фаолияти» билан шуғулланади. Бироқ унинг манзили Беларусдаги «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари жойлашган ер билан бир хилдир.

Фото: Reuters

Беларусда «таълим» фаолияти билан шуғулланувчи «Вагнер гуруҳи» масъулияти чекланган жамияти пайдо бўлди, деб ёзади Россия ахборот агентликлари 16 август, чоршанба куни. Компания ҳақидаги маълумотлар Беларус Адлия вазирлигининг юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ягона давлат регистрига киритилган.

Регистрга кўра, ушбу МЧЖ Осиповичи туман ижроия қўмитаси томонидан 2023 йил 3 августда Цел қишлоғида рўйхатга олинган. Ушбу қишлоқ яқинида «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг лагери жойлашган бўлиб, у ерга Россиядаги муваффақиятсиз исёндан кейин ёлланма аскарлар кўчирилган. 

«Конкорд Менеджмент и Консалтинг» компанияси илгари худди шу манзилда рўйхатдан ўтган бўлиб, унинг асосчиси худди шу номдаги Россия МЧЖ ҳисобланади, унинг раҳбари эса - «Вагнер» ХҲК асосчиси ва тадбиркор Евгений Пригожин. Ушбу компания, хабар қилинганидек, «кўчмас мулкни бошқариш» билан шуғулланади. 

«Вагнер гуруҳи»нинг асосий фаолияти таълимга алоқадор экани айтилган

«Вагнер гуруҳи» фаолиятининг асосий ва ягона тури «Бошқа гуруҳларга киритилмаган таълимнинг бошқа турлари» деб эълон қилинган. Бу йўналиш, Беларус қонунчилигига мувофиқ, таълим даражалари бўйича таснифланиши мумкин бўлмаган таълимни, шунингдек, ўқитиш курслари, малака ошириш курслари, чет тилини ўқитиш, компьютер курслари, сувда қутқариш ва омон қолиш курслари, нотиқлик бўйича ўқув марказларида кадрлар тайёрлашни ўз ичига олади.

МЧЖнинг устав капитали, Беларуснинг «Зеркало» нашрига кўра, 200 Беларус рублини (тахминан 70 евро) ташкил этади. Компаниянинг эгаси Россия фуқароси Максим Петров, деб ёзади газета.

«Вагнерчилар»нинг Беларусга кўчирилиши

23-24 июн кунлари «Вагнер» ХҲК исёнидан сўнг, компания раҳбари Евгений Пригожин Беларусга «кетиши» эълон қилинди. ХҲК ёлланма аскарларига уйга қайтиш, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш ёки Пригожинга эргашиш таклиф қилинди.

Июл ойи ўрталарида Беларус Мудофаа вазирлиги «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари мамлакатга келганини маълум қилган. Идора Беларуснинг «ВоенТВ» телекомпанияси материалини эълон қилди, унда «вагнерчилар» инструктор сифатида ишлайдиган Могилев вилоятидаги «машғулот жойлари» ҳақида ҳикоя қилинади.

Кейинроқ Мудофаа вазирлиги Полша билан чегара яқинида «Вагнер» ХҲК иштирокида қўшма машғулотлар ўтказиши ҳақида хабар берди. Маркс чақирув белгисига эга бўлган ХҲКнинг «қўмондонлар кенгаши» аъзоси Беларусга жами 10 000 га яқин ёлланма аскар келишини айтди. «Белорусский Гаюн» мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, мамлакат ҳудудида «Вагнер» ХҲКнинг 4000-4500 нафар жангчиси бўлиши мумкин. 

ХҲК кучларининг ҳаракати туфайли Полша, Литва ва Латвия Беларус билан чегараларини ҳимоя қилишни кучайтирмоқда, чегара ўтиш жойларининг бир қисмини ёпмоқда ва у ерда ҳарбийлар иштирокини оширмоқда. 

Мавзуга оид