Жаҳон | 12:03 / 18.08.2023
13754
3 дақиқада ўқилади

Бир гуруҳ ўзбекистонликлар Деҳли аэропортида 5,3 кг олтин билан қўлга тушди

Деҳли шаҳридаги халқаро аэропортда 8 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Улар умумий оғирлиги 5,3 килограмм, қиймати қарийб 35 минг доллар бўлган 50 та тилла занжирни мамлакатга ноқонуний тарзда олиб кириш вақтида қўлга олинган. 

Фото: AirportGenCus

Деҳли шаҳридаги Индира Ганди номидаги халқаро аэропортда ҳиндистонлик божхоначилар олтин контрабандаси билан шуғулланишда гумонланаётган саккиз нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган. Операция натижасида қиймати 2,92 миллион рупийга (35 минг 150 доллар) тенг тилла занжирлар мусодара қилинган. Бу ҳақда мамлакат Божхона департаментига таяниб, маҳаллий нашр хабар берди.

Қайд этилишича, уч нафар аёл 15 август куни Тошкентдан етиб келган ва божхона ходимлари томонидан тўхтатилган. Уларнинг юклари кўздан кечирилганда, қўл юкининг орқа қисмига маҳкамланган ичи бўш металл қутига яширилган, умумий оғирлиги 5,3 килограмм бўлган 50 та тилла занжирлар топилган. Текширувдан сўнг, саккиз нафар йўловчи зудлик билан ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси ўзбекистонлик экани айтилмоқда.

“Олтин контрабандаси бутун дунё мамлакатлари, жумладан, Ҳиндистон учун ҳам асосий муаммо бўлиб қолмоқда. Олтинга бўлган юқори талаб ва юқори импорт божлари уни контрабанда учун фойдали товарга айлантирди. Бу воқеа халқаро кириш ва чиқиш нуқталарида доимий ҳушёрлик ва қатъий хавфсизлик чоралари зарурлигини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Тергов давом этар экан, ушбу операция ортидаги тармоқни очиш ҳам жуда муҳим бўлади. Бу нафақат қўшимча жиноятчиларни аниқлашга ёрдам беради, балки бундай операциялар ҳажмини тушунишга ва уларга қарши самарали курашиш стратегиясини ишлаб чиқишга имкон беради”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон божхона қўмитаси расмийси  Ҳусан Тангриев маскур ҳолат бўйича изоҳ берди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 23 декабрда қабул қилинган ва жорий йил 11 январдан кучга кирган ПҚ-452-сон қарори бор.

Қарорга биноан жисмоний шахслар қиймати 100 млн сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 млн сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишлари мумкин.

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорлар заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишлари мумкин.

Яъни, эрта хулоса чиқаришга шошилманг - қайсидир мамлакатда ноқонуний олиб киришда тўхтатиб қолинган товар бошқа мамлакатдан ҳам ноқонуний равишда олиб чиқилганини англатмаслиги мумкин», дея ёзди Тангриев.

Мавзуга оид