Жаҳон | 08:24 / 18.08.2023
8082
3 дақиқада ўқилади

Навалний заҳарланганига уч йил тўлди: АҚШ янги санкциялар жорий қилди

Қўшма Штатлар, Вашингтонга кўра, Алексей Навалнийнинг заҳарланишига алоқадор бўлган Александров, Кудрявцев, Осипов ва Паняев фамилияли тезкор ходимларга нисбатан санкциялар киритди.

Фото: Picture Alliance

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Россия Федерал хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Криминалистика институти ходимлари Алексей Александров, Константин Кудрявцев, ушбу тузилма ходими Иван Осипов ва «ФСБ» ходими Владимир Паняевга нисбатан санкциялар жорий қилди. Улар, Вашингтонга кўра, россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг заҳарланишига алоқадор. Бу ҳақда 17 август, пайшанба куни АҚШ ғазначилик департаменти маълум қилди

«Бугун биз режимга нафақат Украинага қарши асоссиз уруш, балки Россия халқининг инсон ҳуқуқларини бузиш оқибатлари ҳам борлигини эслатиб ўтамиз», - дея маълум қилди АҚШ молия вазирининг терроризмга қарши кураш ва молиявий разведка бўйича ўринбосари Брайан Нелсон.

«2020 йилда Алексей Навалнийга уюштирилган суиқасд Кремлнинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматсизлигини кўрсатади, биз Кремлнинг манфаатини кўзлаб иш тутмоқчи бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш учун барча ваколатлардан фойдаланишда давом этамиз», - дея қўшимча қилди у. 

АҚШ Давлат департаменти виза чекловларини жорий қилмоқда 

АҚШ Молия вазирлиги Александров 2019 йилда Россиядаги поездда ҳалок бўлгунига қадар бошқа россиялик коррупцияга қарши курашчи Никита Исаевни ҳам кузатиб келганини эслатди. Кудрявцев, ўз навбатида, Вашингтонга кўра, россиялик мухолиф сиёсатчи Владимир Кара-Мурзани кузатишда иштирок этган. 

АҚШ Давлат департаменти Александров, Кудрявцев, Осипов ва Паняевларга виза чекловлари жорий қилмоқда, улар ва уларнинг оила аъзолари АҚШга кириши тақиқланган. 

Юқоридаги шахсларнинг Қўшма Штатлардаги ёки Америка шахслари назорати остидаги барча мулклари музлатилмоқда. Ушбу шахслар билан Қўшма Штатларда ва Америка фуқаролари иштирокидаги барча молиявий операциялар тақиқланади. 

Алексей Навалнийнинг заҳарланиши 

2020 йил 20 август куни мухолифатчи Алексей Навалний Томскдан Москвага учаётган самолёт бортида ҳушини йўқотди. Икки кундан кейин комада ётган Навалний Германиянинг «Шарите» (Charité) клиникасига даволаниш учун олиб кетилган. Шифокорлар унинг организмида «Новичок» асаб-фалажловчи модда изларини топди. Кейинчалик Швеция ва Франциядаги лабораториялар, шунингдек, Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти экспертлари мустақил равишда худди шундай хулосага келди. 

Тўрт нашрнинг журналистлари Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари заҳарланишни уюштиришга урингани айтилган терговни эълон қилди. Навалний ва унинг шериклари тергов ўтказишни талаб қилиб, бир неча бор Россия Тергов қўмитасига мурожаат этди, аммо уларга рад жавоби берилди. Мухолифатчи 2021 йил январида Россияга қайтиши биланоқ дарҳол қўлга олинди ва кейинчалик колонияга жўнатилди. 

Мавзуга оид