Фарғона вилояти Қува тумани Акбаробод қишлоғидаги 3-умумий ўрта таълим мактабида 660 нафар ўқувчи таҳсил олади. 1986 йилда барпо этилган муассасада шу вақтга қадар ичимлик суви муаммо бўлган. Ўтган даврлар мобайнида истеъмолга яроқсиз сув туфайли ўқувчилар ўртасида турли касалликка чалиниш ҳолатлари ҳам урчиган. Мактабга ташқаридан трактор ёрдамида сув ташиб келинган. Ўтган 2022 йилда таълим даргоҳига тоза ичимлик суви тармоғи тортилди.

Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Баҳодир Каримов мактаб жамоаси 2022 йилга қадар тоза ичимлик сувига муҳтож бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

Баҳодир Каримов

“Мактабимиз 1986 йилда бунёд этилган бўлса-да, шу вақтга қадар ичимлик суви муаммо бўлиб келган. Мен ҳам шу мактабда ўқиганман. Ўқувчилик пайтларимда тоза сув ичиш орзу эди.

Ўтган йилда мактабга тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. Бундан ўқувчи ва ўқитувчилар, ота-оналар хурсанд. Сув тармоғи ошхона, химия, биология фани лабораторияларигача тортилган. Бир сўз билан айтганда мактаб ҳудудида тоза ичимлик сувидан истеъмол қилиняпти”, – дейди у.

Ҳамрали Жаркинов. Маҳалла фаоли

“12 нафар неварам 3-мактабда ўқийди. Авваллари мактаб ҳудудида ичишга яроқсиз сув истеъмол қилинган. Ота-оналар идишларга қайнатилган сув ёки чой тўлдириб, фарзандларини мактабга жўнатишган. Яратганга шукр, мактабга тоза ичимлик суви тармоғи тортилди.

Авваллари фойдаланилган ичишга яроқсиз сув қувури

Ўтган дамларда мактаб ҳудудида сув чиққан. Лекин истеъмолга яроқсиз эди. Сув қувурлари чириб кетган, захоб сув аралашган сувни ичган одам касалликка чалинарди. Мана, ҳозирда мактаб ўқувчилари тоза ичимлик сувидан ичишяпти”, – дейди маҳалла фаоли Ҳамрали Жарқинов.