Жаҳон | 08:03 / 18.08.2023
11064
2 дақиқада ўқилади

Украина Миллий гвардияси: «Азов» фронтда вазифалар бажаришга қайта киришди

«Азов» махсус кучлари бригадаси Лисичанск шимоли-ғарбида «жанговар топшириқларни бажара бошлади», деб хабар қилди Украина Миллий гвардияси вакили.

Фото: frontnews

«Азов» махсус кучлари бригадаси қайта тикланди ва «Луҳанск вилоятидаги Лисичанскдан шимоли-ғарбдаги Серебрянский ўрмон ҳудудида жанговар топшириқларни бажара бошлади». Бу ҳақда 17 август, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Украина Миллий гвардияси бош бошқармаси Режалаштириш департаменти директори вазифасини бажарувчи Николай Уршалович маълум қилди. Унинг сўзлари «Оперативний ЗСУ» Telegram-канали томонидан келтирилди.

Уршаловичнинг сўзларига кўра, «Азов» ҳарбийлари «ўз ҳудудини ушлаб, душманга куч ва техникаси билан талафотлар етказмоқда». 

Шу тариқа, 15 август куни бригада артиллериячилари ўрмон хўжалиги ҳудудида РФ ҚКнинг миномёт экипажи ва муҳандислик машинасини йўқ қилди.

«Азов» ҳарбийларининг Туркиядан қайтиши

Украина Миллий гвардияси қўмондони Олександр Пивненко 31 июл куни Туркиядан Украинага қайтган «Азов» аскарлари яна жанговар ҳаракатларда қатнашишини айтди.

Украиналик ҳарбийлар Денис Прокопенко, Святослав Паламар, Сергей Волинский, Олег Хоменко ва Денис Шлега 8 июл куни даволанишда бўлган Туркиядан қайтиб келди. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак маълум қилди. У ўз Telegram’ида жангчиларни Украина етакчиси Володимир Зеленский кутиб олгани, шундан сўнг улар Украина президенти самолётида Туркиядан бирга учиб кетгани тасвирланган видеони эълон қилди.

Кремл қайтишни «мавжуд келишувлар шартларини тўғридан тўғри бузиш» деб ҳисоблади. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков воқеага шундай муносабат билдирди. 

Мавзуга оид