Жаҳон | 10:07 / 19.08.2023
13360
3 дақиқада ўқилади

Россияда Сахаров маркази тугатилди

Москва шаҳар суди Россия Адлия вазирлигининг Андрей Сахаров марказини тугатиш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди. Ташкилот юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқарилади.

Сахаров маркази

Москва шаҳар суди Россия Адлия вазирлиги пойтахт бошқармасининг тегишли маъмурий даъвосини қаноатлантириб, Сахаров марказини тугатди. 1990 йилдан бери мавжуд бўлган Андрей Сахаров маркази юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқарилади. Бундай қарор 18 август, жума куни судья Вячеслав Полиха томонидан қабул қилинди, деб хабар берди BFM ўз мухбирига таяниб.

Даъво аризасида ННТ фаолиятини текшириш чоғида «тизимли қўпол ва тузатиб бўлмайдиган қонунбузилишлар» аниқлангани айтилган. Бошқа нарсалар қаторида, Адлия вазирлиги Сахаров марказининг филиаллари бўлмаган ҳудудларда «Андрей Сахаров - давр одами» кўргазмасини ўтказишда ҳудудий фаолият соҳаси принципи бузилганини билдирган. Бундан ташқари, Россия расмийлари томонидан «чет эл агенти» сифатида тан олинган Сахаров маркази тегишли белгиланмаган видео материалларни веб-сайтга жойлаштирган ва бунинг учун бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилган. Маҳкама томонидан ташкилотнинг таъсис ҳужжатларида ҳам қонунбузарликлар аниқланган. 

Сахаров маркази ходимлари қонунбузарликлар содир этилганлигини тан олмади ва суддан Адлия вазирлигининг даъвосини рад этишни сўради. 

Сахаров маркази 1990 йилда ташкил этилган 

Андрей Сахаров музейи ва жамоат маркази (2012 йилдан - Сахаров маркази) 1990 йилда ҳуқуқ ҳимоячиси, диссидент ва физик Андрей Сахаровнинг беваси Елена Боннер, дўстлари ва ҳамкасблари ташаббуси билан унинг меросини сақлаб қолиш учун ташкил этилган. 

2014 йил декабрь ойида Россия Адлия вазирлиги Сахаров марказини «ННТ-чет эл агентлари» реестрига киритди. Шундан сўнг маҳкама «нодавлат нотижорат ташкилоти - чет эл агенти» мақомига тўғри келганлик факти икки марта текшириш чоғида аниқланганини билдирди. Марказнинг ўзи Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган режали текширишда қонунбузарлик аниқланмаганини маълум қилди. 2023 йил январь ойида Россия Бош прокуратураси Андрей Сахаров фонди (The Andrei Sakharov Foundation) Америка нодавлат ташкилотини «номақбул ташкилот» деб эълон қилди, Сахаров маркази эса Москвадаги барча бинолардан чиқариб юборилиши тўғрисида хабарнома олди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид