Украиналик учувчиларни ўқитиш якунланганидан кейин Нидерландия Украинага Америка томонидан ишлаб чиқарилган 42 дона F-16 қирувчи самолётларини етказиб беради. Бу ҳақда Нидерландияга ишчи ташрифини амалга оширган Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

«Биз [Нидерландия ҳукумати раҳбари] Марк Рютте билан бизнинг учувчиларимиз ва муҳандисларимизнинг машғулотлари якунлангач, Украинага етказиб бериладиган F-16 қирувчилари миқдори бўйича келишувга эришдик. 42 та самолёт. Ва бу фақат бошланиши. Раҳмат, Нидерландия!» — деди украинлар етакчиси Нидерландия бош вазири билан музокаралардан кейин.

Зеленский шунингдек ўз телеграм-каналида Рютте билан Эйндҳовендаги авиабазада F-16 самолёти фонида тушилган селфини жойлаштирган.

Рютте Зеленский билан биргаликдаги матбуот анжуманида Нидерландия ва Дания етказиб бериш шартлари бажарилиши биланоқ F-16 самолётларини Украина ҳаво кучларига тақдим этишини айтди. У май ойида Нидерландия украин ҳарбийларини F-16 самолётларидан фойдаланишга ўргатишини маълум қилганини эслатиб ўтган.

«Аммо барчага тушунарлики, самолётлар бўлмаса, ўқув машғулотлари ўтказиб бўлмайди. Бошқача айтганда — самолётларда машқ қилиниши учун аввал уларни етказиб бериш керак», — дея қайд этган нидерландлар бош вазири.

Рютте Нидерландия армияси ихтиёрида 42 та F-16 самолёти борлигини айтган. Reuters агентлигига кўра эса, ҳозирча уларнинг барчаси Украинага етказилиши ҳақида гапиришга эрта.

Пилотлар айнан қачон машғулотларни якунлаши ва Украина самолётларни қачон олишига аниқлик киритилмаган.

Кўп ўтмай Дания мудофаа вазирлиги ҳам Украинага F-16 самолётлари етказиб берилишини ваъда қилди.

«Биз F-16 самолётларини АҚШ ва бошқа ҳамкорлар билан яқиндан алоқада бўлиб турган Украина ва Украина ҳарбий-ҳаво кучларига топширишга розимиз», — дейилади Дания мудофаа вазирлиги хабарида. 

20 август куни Зеленский Данияга ҳам борди. Дания 19 та самолёт беришни ваъда қилган. Ташриф давомида Зеленский Скридструп авиабазасида ҳам бўлиб, қирувчи самолётни кўздан кечирди. У самолёт кабинасига Дания бош вазири Метте Фредериксен билан бирга чиқди. Фото: Mads Claus Rasmussen / EPA / Scanpix / LETA