Ўзбекистон | 11:30 / 22.08.2023
60831
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда фожиа: Сирдарёда бирданига 11 киши чўкиб кетди

Улар тўйдан қайтишда дарёда чўмилмоқчи бўлишган. Қурбонлар орасида болалар ҳам борлиги айтилмоқда.

Фото: Туркистон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарёда бирданига 11 киши чўкиб кетди.

Фожиа 21 август куни кечқурун содир бўлган. Аҳолидан қутқарув хизматларига одамлар сувга чўкиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган. Қайд қилинишича, чўмилиш учун борган 20 кишидан 11 нафари сувга ғарқ бўлган. Улар орасида беш нафар вояга етмаган бола борлиги айтилмоқда.

«Улар бир оиланинг аъзоси ёки қариндош бўлиши мумкин, исм-шарифлари ўхшаш.  Бир неча ака-ука ва уларнинг болалари бор эди. Қариндошлар айтганидек, улар тўйдан чиқиб, дарё бўйида дам олишга қарор қилишган. У ерда қирғоқ жуда сирпанчиқ ва дарҳол чуқурлик бошланади. Афтидан кимдир қоқилиб, сувга қулаган ва чўкиб кета бошлаган. Бошқалари эса уни қутқаришга уринган. Улар ҳатто чўмилишга ҳам улгурмаган, ҳаммаси кийимда бўлган. Бу жой чўмилиш учун мўлжалланмаган. Афтидан, қирғоқ бўйлаб юраётганда кимдир сирпаниб, сувга қулаган», дейилади Туркистон вилояти ҳокимлиги хабарида.

Сувдан саккиз кишининг жасади чиқарилган, қолганларини қидириш ишлари давом этмоқда. Воқеа жойида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ишламоқда. Қидирув тадбирларига 16 та техника ва 6 та қайиқ жалб этилган.

Мавзуга оид