Жаҳон | 09:54 / 29.08.2023
15655
2 дақиқада ўқилади

АҚШ президентлигига номзод Россияга санкциялар бўйича енгиллик беришга тайёр

Республикачи Вивек Рамасвами Москвадан санкцияларни олиб ташлашга ва Россиянинг Хитой билан ҳарбий иттифоқдан чиқиши эвазига эгаллаб олинган Украина ҳудудлари устидан Россия назоратини қабул қилишга ваъда бермоқда. 

Вивек Рамасвами Фото: Matt Rourke / AP

Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзодлар қаторидан жой олган тадбиркор Вивек Рамасвами санкциялар масаласида Россияга ён беришга тайёр. Бу ҳақда бизнесмен The American Conservative журналида 28 август, душанба куни чоп этилган мақоласида ёзган. 

«Мен санкцияларни бекор қиламан ва Россияни жаҳон бозорига қайтараман», - дейди Рамасвами. Бундан ташқари, у «Россиянинг Хитой билан ҳарбий иттифоқдан чиқиши эвазига» Украинанинг «эгаллаб олинган ҳудудлари устидан Россия назоратини қабул қилишга» ва Украинанинг НАТО аъзолигига номзодини блоклашга ваъда бермоқда. 

Рамасвами: Хитой - Украинадаги урушнинг ягона ғолиби 

Россиянинг Украинага қарши бир ярим йиллик урушидан сўнг, Хитой бу вазиятда ягона ғолиб эканлиги тобора ойдинлашмоқда, деб ҳисоблайди тадбиркор. Рамасвами Украинада тинчликни «ягона шартларда» - «Америка манфаатларини биринчи ўринга қўядиган» шароитда таъминлаш ниятида. 

АҚШ президенти Жозеф Байден маъмурияти Хитой раҳбари Си Жинпингни Россия президенти Владимир Путиндан узоқлашишга мажбурлашга «аҳмоқона ҳаракат қилди», деб таъкидлайди тадбиркор. «Аслида биз Путинни Си Жинпингдан узоқлашишга мажбурлашимиз керак», дея қўшимча қилди у. 

АҚШда президентлик сайлови 2024 йилнинг ноябрига белгиланган. Рамасвамидан ташқари собиқ президент Доналд Трамп, собиқ вице-президент Майк Пенс, Флорида губернатори Рон Десантис, Жанубий Каролина собиқ губернатори Никки Хейли, Жанубий Каролинадан сенатор Тим Скотт, Арканзас собиқ губернатори Аса Хатчинсон ва Шимолий Дакота губернатори Дуг Бергум пойгада иштирок этишини эълон қилган. 

Мавзуга оид