Озарбойжон Ўзбекистоннинг Туркияга, Туркия орқали Яқин Шарқ ва Европага боғланиш имкониятини очади. Дунё денгизлари АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан кўпроқ назорат қилинар экан, расмий Пекин қуруқлик орқали дунё бозорига чиқиш йўлларини излайди. Пекиннинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳасининг асосий мақсади – АҚШдан мустақил инфраструктура яратиш ва Европа ҳамда Осиёга боғлиқликни кучайтиришдир. Ана шундай улкан масштабдаги манфаатлар кесишувида Ўзбекистоннинг ҳам бўлиши ҳамда унинг мамлакат учун фойдаси ҳақида Геосиёсатнинг бугунги сонида суҳбатлашамиз.
Мавзуни таҳлил қилиш учун студиямизга сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримовларни таклиф этганмиз.
— Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларининг бугунги даражаси қандай? Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг Олий давлатлараро кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг имзолангани нимани англатади?
Фарҳод Каримов: — Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатлар тарихан шаклланган. Собиқ иттифоқ даврида ҳам битта давлат таркибида эди. Туркий давлатлар бўлганимиз учун ҳам муносабатлар илиқ бўлган доим. Мустақиллик бошида ҳам бу икки давлат ўртасида яхши муносабатлар ўрнатилган. Гарчи 1995 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилган бўлса-да, ҳамкорлик тез ривожланган. 1996 йилда Ўзбекистонда Озарбойжон элчихонаси очилган бўлса, 1998 йилда бизнинг элчихона очилган. Биринчи президентимиз Ислом Каримов 1996 йилда Озарбойжонга ташриф буюрган. Шундан кейин бундай олий даражадаги ташрифлар бир қанча бўлган икки давлат ўртасида.
Ўзаро савдо муносабатлар яхши йўлга қўйилган. Асосан қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик кучли. Охирги 2-3 йилдаги фаол ташқи сиёсатимизнинг бир вектори сифатида Озарбойжон ҳам бор. Озарбойжон орқали ўрта савдо коридори ўтган бўлиб, Туркия ва Европага чиқиш учун жуда қулай. Биз Озарбойжон билан бир-биримизни юридик нуқтаи назардан ҳам яхши тушунамиз, чунки иттифоқ даврида 70 йилдан ошиқ бир хил база шаклланган бизда. Ҳозирги кундаги қонунчилик ҳам кескин фарқ қилмайди. Инфратузилмаларимиз ҳам бир пайтда ўсгани учун тўғри келади. Айниқса охирги 1 йил ичида икки давлат ўртасидаги муносабатлар юқори босқичга чиқди.
— Икки давлатнинг муносабатлари ўзаро қандай манфаатларга эга?
Камолиддин Раббимов: — Ўзаро манфаатлар жуда кўп. Лекин бошқа томонни ҳам гапириб ўтмоқчиман. Ўзбекистон ва Озарбойжон муносабатлари бошқа давлатлар муносабатларигаям таъсир қилган. Қорабоғ ҳудуди Арманистон томонидан босиб олингани учун Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти давридаёқ Арманистон билан муносабатлар пасайган эди. Яъни биз 90 йиллар ва 2000 йилларда туркий давлатлар билан муносабатларимиз ўтиш даврида эди, масалан, Туркия билан, қўшни республикалар билан ҳар хил муносабатда бўлдик. Лекин ўша даврларда ҳам Озарбойжон билан алоқаларимиз яхши эди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбойжон муносабатлари иккинчи динамик даврни бошдан кечиряпти. Ўзбекистонда ҳокимият алмашгач, 2-3 йил «пауза» даври бўлди.













