Ёзнинг сўнгги кунида Чемпионлар лигаси учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. 32 жамоа Европанинг асосий турнири гуруҳ босқичидаги рақибларини билиб олишди. Қуйида турнир гуруҳ босқичидаги асосий интригалар кўриб чиқилади.

А гуруҳи

  • «Бавария»
  • «Манчестер Юнайтед»
  • «Копенҳаген»
  • «Галатасарой»

Квартетдаги асосий қарама-қаршилик, албатта, «Бавария» — «Манчестер Юнайтед» иштирокидаги 1999 йилги финал ремейкидир. Ўшанда манкунианликлар 0:1 ҳисобини қўшимча дақиқаларда 2:1 кўринишига келтирганди. Аммо бу жамоаларнинг ўзаро ўйинларида устунлик немислар тарафида: уларда тўрт ғалаба, инглизларда эса атиги иккита. Яна беш ўйинда кучлар тенг келган.

Мантиқан, гуруҳдан айнан шу икки жамоа кейинги босқичга йўл олиши керакдек. Мюнхен амалда барча гуруҳларда фаворит бўлиб кўринади, аммо Томас Тухел бошқаруви давридаги беқарор натижалар гуруҳ масаласи кўрингани каби осон бўлмаслиги ҳақидаги фикрларга ундайди. «МЮ» эса тен Ҳаг келганидан кейин фақат ўсишда давом этмоқда, трансферлар бозорида яхши ҳаракат қилди ва бу мавсумда бир неча фронтларда курашишга тайёр.

Ўз навбатида «Галатасарой» ҳам барчани ажаблантириши мумкин. Турнирдаги иштирокини 2-саралаш раундидан бошлаган турклар жамоаси жозибали футбол намойиш этиб, «Жалгирис», «Олимпия» ва «Молде» каби жамоаларини йўлдан олди. Бу жамоада сўнгги йилларда пасайиш кузатилганди, аммо Икарди, Мертенс, Торрейра, Анхелинио, Зиёш, Заа, Бакамбу, Демирбай, Оливейра каби футболчилардан юлдузли таркиб шакллантирган жамоа яна кўтарилиш босқичида ва камида иккинчи ўрин учун курашиб кўради. «Копенҳаген» эса гуруҳда яққол фаворит.

В гуруҳи

  • «Севиля»
  • «Арсенал»
  • ПСВ
  • «Ланс»

Ёз бошида «Севиля» молиявий қийинчиликлар туфайли футболчиларини ёппасига сотиб юбориши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо амалда испанлар нафақат деярли барча етакчиларини сақлаб қолишди (Саудия Арабистонига кетган Бунудан ташқари), балки янги футболчилар учун 32 миллион евро сарфлашди. Лекин бу ЕЧЛда шов-шув кўтариши даргумон, қолаверса, жамоа ла лигада мавсумни ўта муваффақиятсиз бошлаб, уч турда уч бор мағлуб бўлган («Валенсия» ва «Жирона»га 1:2, «Алавес»га 3:4 ҳисобида) ҳолда турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бормоқда. Шу билан бирга, қуръа жамоа учун ёмон тушмади.

«Арсенал» — гуруҳда юз фоизлик фаворит, иккинчи йўлланма учун эса яхши имконият бор. Ўтган мавсумда Франция чемпионатида сенсация кўтарган «Ланс» ёзда асосий тўпурар футболчилари Опенда («Лейпциг»га) ва Фофанани («Ан-Наср») сотиб юборди, янги мавсумни жуда ёмон бошлади (уч турда биргина очко), айниқса «ПСЖ» билан ўйинда (1:3) жамоа биринчи бўлимдан кейин қаршилик кўрсатишни тўхтатди. ПСВ эса, еврокубокларда яхши тажрибаси борлигига қарамай, топ-лигалар вакилларига муносиб рақобат кўрсатиши қийин, қолаверса, эйндховенликларнинг ўтган мавсумдаги етакчилари Симонс ва Гакпо энди таркибда эмас.