Жамият | 16:21 / 07.09.2023
13829
2 дақиқада ўқилади

Яшил баргли маҳсулотларнинг ўпка соғлом бўлишига ёрдам бериши аниқланди

Янги тадқиқотга кўра, витамин К меъёридан кам бўлган одамларда ўпка ҳолати ҳам қониқарли бўлмайди. Витамин К меъёрда бўлиши учун эса яшил баргли кўкатлар: брокколи, исмалоқ каби маҳсулотларни истеъмол қилиш керак.

Даниялик бир гуруҳ олимлар ўтказган тадқиқотга кўра, витамин К етишмовчилиги бор инсонларда ўпка фаолияти суст бўлади ва кўпроқ шу тоифадаги одамлар астма, хириллаш ва бошқа нафас тизимига оид касалликлардан азият чекади.

"Витамин К нинг қон учун зарурлиги ҳақида тадқиқотлар етарли, унинг суяқлар ва юрак учун ҳам аҳамияти ўрганиляпти, бироқ К витаминининг ўпка учун муҳимлиги ҳақида деярли тадқиқот йўқ эди" дейди тадқиқотчилардан бири Торкил Жесперсен.

Тадқиқотчилар 24 ёшдан 77 ёшгача бўлган 5 мингга яқин иштирокчининг ўпка фаолиятини ўрганган ва уларда нафас машқлари ўтказишган. Шунингдек, иштирокчилардан витамин К га қон таҳлили олинган, улар соғлом турмуш тарзига оид сўровномаларда қатнашган. Умумий ўрганишлар натижасида витамин К даражаси паст бўлган кишиларда нафас олиш машқларидаги кўрсаткичлар ҳам пастроқ чиққан, уларда хириллаш ва астма каби ҳолатлар ҳам аниқланган.

Олинган хулосага кўра, қонида витамин К камроқ бўлган одамларда ўпка фаолияти ёмонроқ бўлиши мумкин ва бундан кейинги тадқиқотларда шу витаминнинг етишмовчилигининг олдини олиш ўпка фаолиятини яхшилашга ёрдам бериш-бермаслиги ўрганилади.

Лекин К витамини фойдали дегани унинг меъёрдаги истеъмолини ошириб юбориш керак дегани эмас. Бунинг фойда-зарари ҳақида яна алоҳида тадқиқотлар керак.

19 ёшдан ошган эркаклар учун витамин К нинг кунлик дозаси 120 мкг, аёллар учун эса 90 мкг.

К витаминига бой маҳсулотлар:

  • Карам;
  • Брокколи;
  • Исмалоқ;
  • Салат барги;
  • Авакадо;
  • Шолғом. 

Мавзуга оид