Жаҳон | 09:59 / 11.09.2023
5815
3 дақиқада ўқилади

Хитой ЕИ билан ҳамкорликни кучайтириш истагини билдирди

Пекин «Хитой компанияларининг Европадаги сармоялари ва фаолияти учун камситилмайдиган муҳитга» умид қилмоқда, деди Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян G20 саммити чоғида.

Фото: Синьхуа

Хитой Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш истагини билдирди. «Хитой ва Европа кўп қутбли дунёнинг йирик кучлари ва глобал тараққиётнинг асосий двигателлари сифатида бирдамлик ва ҳамкорликни янада кучайтириши керак», деди Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян Нью-Деҳлидаги G20 саммити чоғида Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан суҳбатда. Бу ҳақда 10 сентябр, якшанба куни Хитойнинг «Синхуа» агентлиги хабар берди. Бундан ташқари, Ли Хитой бу йил Хитой-Европа Иттифоқи саммитини ташкил этишда Европа билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.

Европа Иттифоқи Россиядан узоқлашишда давом этади

Россия Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан кейин Брюссел Европа Иттифоқининг Россияга ресурсларга қарамлигини камайтиришга ҳаракат қила бошлади. Шу фонда Европанинг Хитойга иқтисодий қарамлиги хавфи ҳақида мунозаралар кучайди. Фон дер Ляйен билан суҳбат чоғида Хитой Давлат кенгаши бош вазири Европа Иттифоқи «компаниялар Европага сармоя киритиши ва фаолият юритиши учун бозор иқтисодиёти ва адолатли рақобат тамойилларига амал қилишига, савдо ва инвестиция бозорларини очиқ сақлашига ҳамда хитойликлар учун адолатли, шаффоф ва камситилмайдиган муҳитни таъминлашига умид билдирди». 

Унинг сўзларига кўра, «ўзаро боғлиқликни шунчаки ишончсизлик билан тенглаштирмаслик керак, шунингдек, миллий хавфсизлик концепциясини ортиқча талқин қилиб, иқтисодий масалаларни сиёсийлаштирмаслик лозим». 

Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги янги транспорт йўлаги 

G20 саммити очилиши кунида Урсула фон дер Ляйен ва АҚШ президенти Жо Байден Ҳиндистон, Форс кўрфази ва Европа ўртасида янги темирйўл коридори яратилганини эълон қилди. Еврокомиссия раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа туфайли Ҳиндистон ва ЕИ ўртасидаги товар айирбошлаш суръати 40 фоизга тезлашади. 

Financial Times ёзишича, ушбу транспорт йўлаги «Хитойнинг минтақадаги иқтисодий қудратига ўзига хос чақириқ бўлади». 

Мавзуга оид