08:43 / 12.09.2023
13395

Ким Чен Ин ҳарбий амалдорлар билан бирга Россияга йўл олди

КХДР ва Россия етакчилари Украинадаги уруш учун Кремлга зарур бўлган қурол-яроғ етказиб бериш масаласини муҳокама қилиши мумкин.

Фото: KCNA

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўзининг шахсий поездида Пхеняндан Россияга жўнаб кетди, деб хабар бермоқда Reuters 12 сентябр, сешанба куни Шимолий Корея давлат ОАВга таяниб.

Чоп этилган фотосуратларда Ким Чен Инга ҳарбий саноатнинг юқори мартабали вакиллари, дипломатлар ва ҳарбий раҳбарлар ҳамроҳлик қилаётгани кўрсатилган. КМТА давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, Ким Чен Ин якшанба куни сафарга чиққан ва Россияда у президент Владимир Путин билан учрашади. Буни Кремл расман тасдиқлади. 

Путин ва Ким Чен Ин Россияга қурол етказиб бериш масаласини муҳокама қилиши мумкин 

Бўлажак сафар ҳақида биринчи бўлиб хабар берган америкалик расмийларга кўра, Шимолий Корея раҳбари Путин билан Москвага қурол-яроғ етказиб бериш имкониятларини муҳокама қилади. Делегация таркибига қараганда, КХДР расмийлари ҳақиқатан ҳам биринчи навбатда ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни муҳокама қилмоқчи, деб ёзади Reuters. КХДР ҳарбий саноат департаменти директори Чо Чун Рён ҳам Россияга жўнаб кетди. Бу, эҳтимол, агентлик суҳбатлашган таҳлилчиларга кўра, Москва ва Пхенян ўқ-дориларни етказиб бериш бўйича келишув тузиш ниятида эканини билдиради. 

АҚШ Давлат департаменти вакили Мэтю Миллер, агар Путин ва Ким Чен Ин бўлажак учрашувда Корея ўқ-дориларини етказиб бериш бўйича келишиб олса, Қўшма Штатлар янги санкциялар жорий этишга тайёрлигини айтди. 

Москва ва Пхенян томонлар қурол етказиб бериш масаласини муҳокама қилиши ҳақидаги даъволарни рад этди. Ким Чен Ин 12 сентябр куни Россияга келиши кутилмоқда. ОАВ у Владимир Путин билан Владивостокда 10-13 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган Шарқий иқтисодий форум доирасида учрашиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. 

Top