Сенат раиси тожикистонлик ҳамкасби Рустам Эмомали билан учрашди
Танзила Норбоева Тожикистон Мажлиси миллий Мажлиси Олий раиси билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация «Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш шароитида гендер тенгликка эришиш» мавзусида ўтказиладиган Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрига борди.
Сенат Раиси ташриф доирасида Тожикистон Республикаси Мажлиси миллий Мажлиси Олий раиси Рустам Эмомали билан учрашди.
Учрашувда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, савдо-иқтисодий, маданий гуманитар, айниқса, парламентлараро мулоқотни самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, икки мамлакат парламент юқори палаталари ўртасида тузилган дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш бўйича қонунчилик даражасида қўшма ишларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражаси эътироф этилиб, қўшма маданий тадбирлар, жумладан зиёлиларнинг икки томонлама форумларини, санъат усталарининг қўшма концерт ва гастролларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, «зиёрат туризми»ни ривожлантириш бўйича самарали чоралар кўришга келишиб олинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Тожикистон Мажлиси миллий Мажлиси Олий ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди. Унда парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувлар ижроси юзасидан қўшма парламент мониторингини амалга ошириш, халқаро парламент тузилмалари доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш масалалари акс этди.
Шунингдек, олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш устидан биргаликда мониторинг олиб бориш механизмини такомиллаштириш, парламент фаолияти соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, чегарадош вилоятлар ва туманлар депутатлари ўртасида муносабатларни йўлга қўйиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олинди.
Мавзуга оид
18:37 / 17.11.2024
Ҳудудлардан сайланган сенаторлар эълон қилинди
13:10 / 17.11.2024
Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди
22:55 / 16.11.2024
Ўзбекистон иқлим ўзгаришларига қарши курашда иштирокини давом эттиради — Танзила Норбоева
19:13 / 02.11.2024