Иқтисодиёт | 16:22 / 15.09.2023
19220
2 дақиқада ўқилади

Uzcard улушларининг назорат пакети IMC-Capital'га ўтди

Uzcard'нинг 75 фоизлик улуши IMC-Capital компаниясига ўтди. Мазкур ташкилотнинг 100 фоизлик улушдори сифатида устав капитали 1000 доллар бўлган, 2023 йил 15 июнда БААда рўйхатдан ўтган Berill Holding Company Limited кўрсатилган.

“Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖ (Uzcard) таъсисчилари таркибида яна ўзгариш рўй берди. Бундан корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги ўзгариш дарак бермоқда.

Компаниянинг аввалги таъсисчилари бўлган жисмоний шахслардан уч нафари – Тимур Азадов (25 фоиз), Обид Аъзамхўжаев (25 фоиз) ва Мансур Усманов (25 фоиз)ларнинг жами 75 фоизлик улуши “IMC-Capital” МЧЖга ўтган. Фақатгина Uzcard бош директорининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Камрон Акбаров ўзининг 25 фоизлик улушини сақлаб қолган.

“IMC-Capital” МЧЖ 2022 йил 31 августда Тошкентда рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 212,7 млрд сўм. Фаолият йўналиши – ихтисослашмаган улгуржи савдо. Раҳбари – Азизов Азизбек Нодирбек ўғли.

Компаниянинг 100 фоизлик улушдори сифатида Berill Holding Company Limited кўрсатилган. Бу ҳолдинг 2023 йил 15 июнда Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган. Устав капитали 1000 доллар бўлган компаниянинг раҳбари сифатида Азиз Юсупов келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг май ойида тадбиркор Ойбек Турсунов Uzcard'нинг 75 фоиз улушига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Аммо орадан бироз вақт ўтиб, Турсуновнинг 75 фоизлик улуши 5 та давлат банки – Ўзмиллийбанк (51 фоиз), Асакабанк (6 фоиз), Ипотекабанк (6 фоиз), Ўзсаноатқурилишбанк (6 фоиз), Алоқабанк (6 фоиз) тижорат банкларига ўтказилди.

2022 йил август ойида компания устав капиталидаги 5 та давлат банкининг жами 75 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилгани ва бу улуш тўлиқ сотилиши маълум қилинганди.

Кейинчалик, 2022 йил октябрь ойида Мансур Усмонов, Камрон Акбаров, Тимур Азадов ва Обид Аъзамхўжаев имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиб, 210,1 миллиард сўмга 75 фоиз улушни қўлга киритиб, МЧЖнинг 100 фоизлик акциядорига айланганди.

Мавзуга оид