Ню-Йоркда минглаб одамлар иқлим ҳимояси учун намойишга чиқди
«Қазиб олинадиган ёнилғидан фойдаланишни тўхтатиш учун марш» бу ҳафта Ню-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеяси ва Иқлим саммитига тўғри келди.
Минглаб иқлим ҳимояси фаоллари 17 сентябр, якшанба куни Ню-Йорк кўчаларига чиқиб, АҚШ президенти Жо Байден ва дунё етакчиларини глобал исишга олиб келаётган қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни тўхтатишга чақирди.
700 дан ортиқ глобал иқлим ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланган намойиш БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясининг юқори даражадаги ҳафталиги доирасида 20 сентябр куни Ню-Йоркда ўтадиган бир кунлик Иқлим саммити олдидан бўлиб ўтди.
Ташкилотчиларга кўра, акцияда 75 мингга яқин киши иштирок этган. Улар орасида АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг демократ аъзоси Александрия Окасио-Кортес, шунингдек, бир қатор америкалик актёрлар, жумладан Сюзан Сарандон, Итан Ҳоук, Эдвард Нортон ва Кевин Бейкон ҳам бор эди.
Байден БМТ иқлим саммитида қатнашишни режалаштирмаяпти
АҚШ етакчисининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилишича, Байден 19 сентябр куни Бош ассамблеяда нутқ сўзласа-да, у БМТ иқлим саммитида иштирок этиши режалаштирилмаган. Бироқ Салливаннинг айтишича, президент Ню-Йоркка ташрифидан иқлим ўзгаришидан тортиб Украинани глобал қўллаб-қувватлашгача бўлган масалаларда «Америка манфаатлари ва қадриятларини» ҳимоя қилиш учун фойдаланади.
«Қазиб олинадиган ёнилғидан фойдаланишни тўхтатиш учун марш» Ню-Йоркда Иқлим ҳаракати ҳафталигини бошлади, унда бош директорлар, сиёсатчилар ва фаоллар иштирокида кўплаб конференциялар ва саммитлар ўтказилади.
Мавзуга оид
19:40 / 17.11.2024
Олимлар дунёдаги чучук сув захиралари нега камайганини тушунтирди
16:16 / 16.11.2024
Экспертлар: БМТнинг иқлим бўйича конференциялари «мақсадларга мос келмайди»
15:31 / 14.11.2024
COP29: иқлимни муҳофаза қилиш учун йилига 1,3 трлн доллар
18:18 / 12.11.2024