Россиядан дезинформация Европа Иттифоқи мамлакатларидаги сайловларга, хусусан, Словакияда 30 сентябрда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига таъсир ўтказмоқда. Бу ҳақда 26 сентябр, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Комиссияси раиси ўринбосари, қадриятлар ва шаффофлик бўйича Европа комиссари Вера Юрова тарғибот ва дезинформацияга қарши кураш бўйича интернет концернлар ҳисоботини тақдим этар экан, маълум қилди. Унда Европа Иттифоқи илтимосига кўра, Украинадаги уруш билан боғлиқ Россия пропагандаси ва дезинформациясига урғу берилди. 

Юрованинг сўзларига кўра, Словакия энди «Россиянинг кремлпараст уруш афсоналари муваффақияти учун қулай заминга айланди». «Ёлғон маълумотлар сайлов натижаларини тубдан ўзгартириши мумкин. Аммо ҳозир Словакия жамияти Россиядан келаётган муайян кампаниялар ҳақида кўпроқ маълумотга эга», - дейди у. У жамиятдаги бўлиниш чизиғи Россиянинг Украина билан урушига ёндашув эканини таъкидлади: «Кремл Украинада бомбалар ва дунёнинг қолган қисмида сўзлар билан курашмоқда». 

Ижтимоий тармоқлар нотўғри маълумотни ўз ичига олган аккаунтлар ва маҳсулотларни ўчириб ташлаяпти 

26 сентябр куни Google, Meta, Microsoft, TikTok каби интернет-платформалар Европа комиссиясига дезинформация тарқалишини камайтириш чоралари ҳақида ҳисобот берди. Улар бу мавзуни биринчи марта шундай батафсил ёритди –ҳар бир ҳисобот ўртача 200 дан ортиқ саҳифани ўз ичига олади. Ҳисоботлар сўнгги олти ойни қамраб олади, бу даврда IT гигантлари Европа Иттифоқи олдида дезинформацияга қарши курашиш мажбуриятини олган. 

Шу тариқа, 2023 йилнинг январидан апрелигача YouTube Россия «Интернет тадқиқотлар институти» билан боғлиқ уюшган кампанияда иштирок этган 400 дан ортиқ канал ва 10 та блогни ўчириб ташлади. Google 300 га яқин интернет порталларидан Россия давлат ташвиқотига алоқадор сайтлар рекламасини олиб ташлади, деди Вера Юрова. 

TikTok ва Meta Европа Иттифоқининг турли тилларида фактларни текшириш бўйича саъй-ҳаракатларини кенгайтирди ва ахборот агентликлари, шу жумладан Reuters билан ҳамкорлик қилмоқда. Meta фактчекинги Европа Иттифоқидаги 22 тилни қамраб олади, ҳозирда Чехия ва Словакия ҳам унга қўшилган. TikTok рус, украин, беларус ва 17 та Европа тилларидаги фактларни текширади. У Россиянинг Украина билан урушига оид 832 та видеони текшириб чиқди ва якунда улардан 211 тасини ўчириб ташлади. Ижтимоий тармоқ маълумотларига кўра, фойдаланувчиларнинг 30 фоизи «тасдиқланмаган контент» сўзлари билан дуч келганида маълумотни бўлишиш қароридан воз кечади.

Bing қидирув тизими 800 000 га яқин уруш билан боғлиқ сўровлар учун текширилган маълумотни олдинга суриб қўйди ва баҳсли маълумотлар кўрсатиш имкониятини пасайтирди, дея хабар берди Microsoft.