АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси бошлиғи ўзгарди
Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Чарлз Браун АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари лавозимини генерал Марк Миллидан қабул қилиб олди.
Генерал Марк Милли 29 сентябр, жума куни ушбу лавозимда тўрт йил ишлагандан сўнг АҚШ қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси лавозимини тарк этди. У ўз ваколатларини расман аввал Ҳарбий-ҳаво кучларини бошқарган генерал Чарлз Браунга топширди, деб хабар берди Пентагон матбуот хизмати X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.
Миллини кузатиш ва унинг ваколатларини Браунга топшириш маросими Вашингтон чеккасидаги Арлингтон (Виржиния штати)даги Майер-Ҳендерсон-Ҳолл ҳарбий базасида бўлиб ўтди. Унда АҚШ президенти Жо Байден ва Пентагон раҳбари Ллойд Остин иштирок этди.
Милли 2019 йил октябр ойида АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси бўлди. Унинг номзодини АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Доналд Трамп илгари сурган эди. Миллининг армиянинг юқори лавозимида бўлган вақти Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқилиши, Америка махсус кучларининг Суриядаги операциялари ва Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошланишини ўз ичига олган.
Чарлз Браун Европа, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақасида қўмондонлик лавозимларида ишлаган. 2020 йилда у Қўшма Штатлар Ҳарбий-ҳаво кучлари штаб бошлиғи лавозимига тасдиқланган биринчи афро-америкалик бўлди. У генерал Колин Пауэллдан кейин штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига бошчилик қиладиган иккинчи афро-америкаликка айланди.
Мавзуга оид
02:48
Сайлов бошланди, кўп овоз олиб ҳам ютқазиш мумкин бўлган сайлов
00:26
Трамп атрофида айланаётган Америка сиёсати: нега бундай бўлди?
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
18:53 / 05.11.2024