МИЛАН – ЛАЦИО (30 сентябр, 21:00)

«Лацио» ҳозирча турнир жадвалида пастки поғоналарда юрган бўлса-да, барибир, айниқса, марказий ўйинларда хавфли бўлиб қолаверади. Римликларнинг сафарда «Наполи» устидан ғалаба қозонгани, шунингдек, «Атлетико» билан эсда қоларли учрашуви сўзимизга яққол исбот бўла олади. Бу омил «Милан» учун навбатдаги қийин синов кутиб турганини англатиши турган гап.

«Интер»нинг мағлубияти қайсидир маънода «кўк-қора»ларнинг у қадар мукаммал эмаслиги ва бошқа жамоаларда ҳам имконият бўлишини кўрсатиб берди ва бундан фойдаланиши лозим бўлган кучлардан бири, албатта, «Милан» бўлади. Фақат тўплар нисбати бўйича ҳамшаҳарларидан ортда турган Пиоли шогирдлари «Интер»нинг қоқилишларига тайёр туриши ва имкон қадар очко йўқотмаслиги керак. Миланда 4 учрашувдан бери «Лацио»ни енгиб келаётган мезбонлар ушбу анънанани давом эттиришига тўғри келади.

«Милан» ҳозирда гол уриш бўйича А Сериянинг пешқадамларидан бири бўлиб турибди. «Лацио» эса ҳимояси билан мақтана олмайди. Ҳар икки жамоа ҳам уч кун олдин 6-турда майдонга тушишди, ҳар иккисини келаси ҳафта Чемпионлар Лигаси кутиб турибди. Хулоса қилиш мумкинки, бу ўйин хатолардан ҳоли бўлмаган, анча очиқ томоша бўлади. Хатолар эса биламизки, голларни кўпайтиради, ўйинни янада қизиқроқ қилади.

Таркиблар борасида «Милан» келаси ой охиригача Раде Крунични майдонга тушира олмайди. «Лацио» сафида эса Алессио Романьолининг йўқлиги билинса керак. Тажрибали ҳимоячи «Торино»га қарши ўйинни тўлиқ ўтказган бўлса-да, кейинчалик бурнини операция қилдиргани маълум бўлди. Бу сабаб билан у камида яна икки ҳафта машғулотларга қайта олмаса керак.

ТОТТЕНҲЭМ – ЛИВЕРПУЛ (30 сентябр, 21:30)

«Манчестер Сити»ни қавс ичига олсак, янги мавсумда энг яхши ўйин кўрсатаётган икки жамоа АПЛ марказий ўйинида тўқнаш келадилар. «Брайтон» ва «Арсенал» мухлислари хафа бўлишмасин, лекин тан олиш керак, бу жамоаларнинг кўрсатаётган ўйини сюрприз эмас, кутилган эди. Янги мураббий билан ва Ҳарри Кейнсиз «Тоттенҳэм» ҳамда яримҳимоясини бутунлай янгилаган «Ливерпул»нинг мавсумни бу тарзда юқори даражада бошлаши ростан ҳам турнирни безаб бермоқда. Энг муҳими, жамоаларда ўсиш учун ҳам ҳали салоҳият кўриниб турибди.

«Тоттенҳэм» аллақачон «МЮ», «Арсенал» каби топ-рақиблар билан ўйнаб бўлди ва ҳар икки учрашувда ҳам ташаббускор ўйин намойиш этди. Айнан шу томони жамоанинг бошқа йўналишга ўзгараётганидан дарак. «Ливерпул» эса Юрген Клопп характерига монанд равишда ирода ва руҳиятни намойиш қилмоқда. Жамоа жуда кўп марта, ҳатто Европа Лигасида ҳам иродали ғалабаларга кўп эришди. Табиийки, олов ва муз тўқнашуви, тизим ва хаос қарама-қаршилиги АПЛ мухлислари учун навбатдаги шедевр сценарийни тақдим этса ажаб эмас.