28 сентябр куни Тошкентнинг Сергели тумани Қурувчилар даҳасидаги Interlogistics компаниясига қарашли омборда содир бўлган кучли портлаш оқибатида 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, битта мактаб ва иккита боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.
Тошкент шаҳар ҳокими зарар кўрган хонадонлар ва ижтимоий объектларни таъмирлашни пойтахт туманларининг ҳокимликларига тақсимлаб берди.
Kun.uz бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятовга хусусий компания етказган зарар нима учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланаётгани, “Interlogistics”нинг моддий зарарни қоплаш юзасидан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилаётгани ёки йўқлиги ҳақида савол йўллади.

Ҳидоятовнинг айтишича, ҳукумат фармойишида амалга ошириш лозим бўлган ва кечиктириб бўлмайдиган масалаларга урғу берилган. У МЧЖ етказган зарар давлат томонидан қопланиши тўғри эмаслигини таъкидлади.
“Ҳукумат комиссияси раисининг ўринбосари Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов бўлгани учун ижрони ташкил этиш мақсадида пойтахтнинг ҳар бир туманига иш тақсимлаб берган. Тўғри, ҳақиқан ҳам маблағ ажратиляпти, лекин бюджетдан эмас, захира маблағларидан. Шундай вазиятлар учун ўзини ҳурмат қилган мамлакат алоҳида фонд юритади ва зарур ҳолларда ундаги маблағлар ишлатилади.
Сиз айтаётган гап тўғри, МЧЖ етказган зарарни давлат бюджетидан бўладими, захира маблағларидан бўладими, қоплаб бериш нотўғри. Лекин айни пайтда у ерда 600га яқин хонадонга зарар етган: дераза ромлар, уйларнинг фасад қисми, деворлари кўчиб кетган. Ҳаво совиб боряпти, ҳар бир хонадонда 4 нафардан одам яшаганда ҳам бу 2400 одам дегани. Шунча одам совуқда қолиши мумкин. Тезкор чора кўриш учун захира фонддан маблағ олинди. Янгиланган конституцияда ҳам давлат халқига ғамхўрлик қилиш кафолатлаб қўйилган. Шунинг учун шу қарорга келинган, президентимиз топшириқ қўйганлар”, – деди Ҳидоятов.

















