Жаҳон | 16:44 / 02.10.2023
34612
6 дақиқада ўқилади

Бюджет тасдиқланмаса, харажат ҳам бўлмайди: АҚШдаги шатдаунлар ҳақида

Куни кеча АҚШ ҳукуматининг фаолияти тўхтаб қолишига бир бахя қолди. Энг сўнгги дақиқаларда қабул қилинган қонун билан, шатдауннинг олди олинди. Хўш, шатдаун ўзи нима дегани ва у нега фақат Қўшма Штатларда рўй беради?

Кевин Маккарти шанба кунги матбуот анжуманида / Фото: Haiy Jiang / NYT

30 сентябр, шанба куни АҚШ ҳукумати федерал шатдаунга ёпилишдан қутулиб қолди. Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар бир неча ҳафтага чўзилиб, молия йилининг охирги кунига келибгина қабул қилинди.

The Hill'нинг ёзишича, бюджет бўйича келиша олмаётган Америка қонунчиларида шанба куни тонгда шатдаун рўй беришига ишонч юқори эди. Лекин шу куни Вакиллар палатаси спикери, республикачи Кевин Маккарти кутилмаганда ўзининг қатъий позициясига эга партиядошларига қарши таклифни илгари суриб, воқеалар ривожида бурилиш ясади.

Тасдиқланган ва 1 октябрдан 17 ноябргача амал қиладиган бюджет тўғрисидаги қонунга кўра, ҳукумат органларини аввалгидек даражада молиялаштириш давом этади (шатдаун бўлмайди), табиий офатларга қарши курашиш учун 16 млрд доллар ажратилади. Муросага келиш учун демократлар Украинага ҳозирча қўшимча ёрдам ажратмай туришга кўнишга мажбур бўлди, республикачилар эса харажатларни қисқартириш талабидан вақтинча воз кечди.

Қонун лойиҳаси кун давомида Вакиллар палатаси ва Сенатдан ўтиб, президент Жо Байден томонидан 1 октябрга ўтар кечаси имзоланди.

“Мен ҳукуматнинг 47 кун давомида очиқ қолишини кўзда тутиладиган қонунни ҳозиргина имзоладим. Кейинги молия йили учун ҳукуматни молиялаштиришга оид қонунларни қабул қилишга етарлича вақт бор ва мен Конгрессни ҳозироқ иш бошлашга қатъиян чақираман”, – деб ёзди Байден Вашинтон вақти билан соат 23:28да X тармоғига жойланган постида.

Президентнинг қонунчиларга қаратилган бундай “қатъий” чорлови бежиз эмас. Агар кейинги 7 ҳафта давомида Конгресс 2023 йилги молия йили бюджети бўйича муросага кела олмаса, федерал ҳукумат яна шатдаун таҳдиди остида қолади.

Шатдаун нима?

АҚШда давлат бюджети халқ вакиллари – конгрессменлар томонидан тасдиқланмай туриб, давлат харажатлари қилинмайди. Шунингдек, тасдиқланган харажатларнинг белгиланган лимитлардан ташқарига чиқиши учун ҳам олдиндан Конгресснинг розилиги талаб этилади. Конгрессда эса демократлар ва республикачилар ҳар доим ҳам бюджет пулларини қаерга ишлатиш бўйича тезгина бир тўхтамга келавермайди.

Агар муҳокамалар натижасида барибир келишувга эришилмаса, шатдаун рўй беради – федерал органлар ўзларининг фақат базавий функцияларини бажаришга ўтади, фуқаролар эса кўплаб давлат хизматларидан фойдалана олмайди.

Шатдаун вақтида 1,5 миллионга яқин давлат хизматчиcи ё ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилади, ёки маош олмаган ҳолда ишлашда давом этади.

Агар шанба куни қонунчилар муросага кела олмаганида, АҚШда охирги 50 йил ичида 22-марта шатдаун рўй берган бўларди. Эндиликда бўлинишга сабаб бўлаётган асосий масалалар – Украинага ёрдам, харажатларни қисқартириш, чегара сиёсатидаги ўзгаришлар бўйича баҳслар учун уларнинг ихтиёрида яна 47 кун бор.

Қўшма Штатларда “бюджетсиз кунлар” охирги марта 2018 йил охирида рўй берган, ўшанда 36 кун давом этган шатдаун тарихдаги энг узоғи бўлганди. Бунга собиқ президент Доналд Трамп ва республикачиларнинг Мексика билан чегарада девор қурмоқчи бўлгани асосий сабаб бўлган.

Шатдаунлар нега фақат АҚШда бўлади?

Дунёнинг катта қисмида ижро ҳокимияти фаолиятининг кенг миқёсда тўхтаб қолишига жуда ёмон янгилик деб қаралади, чунки бундай ҳолат инқилоблар, урушлар ёки эпидемиялар вақтида рўй бериши мумкин. Лекин дунёдаги энг қудратли давлат бўлмиш АҚШда эмас. Бу жиҳатдан Қўшма Штатлар дунёда ўхшаши йўқ давлатдир.

Гап шундаки, АҚШда турли сиёсий партиялар ҳукумат органларининг фаолиятини назорат қилиб бориш бўйича катта ваколатларга эга. Бундай тизим Америка давлатининг асосчилари томонидан йўлга қўйилган. Бу механизм 1884 йилда қабул қилинган молиявий тақчилликка қарши қонун билан мустаҳкамланган. Унга кўра, давлат органлари ўз харажатларининг парламент томонидан жорий молия йили учун рухсат берилган миқдордан ошиб кетишига олиб келадиган шартномалар тузиши мумкин эмас.

1980 йилда, президент Жимми Картер даврида бу қонуннинг мазмунини торайтирилган тарзда талқин қилишга ўтилган: бюджет йўқми, харажат ҳам йўқ.

Натижада 1981 йилдаёқ биринчи шатдаун рўй берган: президент Роналд Рейган бюджет тўғрисидаги қонунга вето қўллаган. Федерал ҳукумат фаолиятидаги узилиш жамоатчилик томонидан қонунчиларга қўшимча босим юклаган. Ўшандан буён ўтган 42 йил ичида 21 марта шатдаунлар рўй бериб, уларнинг энг қисқаси ярим кун, энг узоғи эса юқори айтилганидек 36 кун давом этган.

Дунёнинг бошқа давлатларида бундай ҳолатнинг рўй бериши деярли имконсиз. АҚШдан бошқа энг барқарор демократияларда асосан парламентар тизим амал қилади, яъни уларда ижроия ва қонун чиқарувчи ҳокимиятларни битта партия ёки коалиция назорат қилади. Назарий жиҳатдан, парламент бош вазир тақдим этган бюджет лойиҳасини рад этиши мумкин, лекин бу воқеа давлат органлари фаолиятининг тўхтаб қолишига эмас, янги сайловларга кўпроқ ишора қилади.

Шундай ҳолат 2011 йилда Канадада рўй берган. Кўпчиликка ўринга эга мухолиф партиялар ўша пайтдаги бош вазир Стефан Ҳарпернинг консерватив партияси тақдим этган бюджет лойиҳасини рад этиб, унга ишончсизлик вотумини эълон қилган ва навбатдан ташқари сайловлар чақирилган. Буларнинг барчаси рўй берган вақтда ҳукумат ўз фаолиятини доимий режимда давом эттираётганди.

Мавзуга оид