Жаҳон | 13:42 / 02.10.2023
49583
3 дақиқада ўқилади

Илон Маскнинг Зеленский ҳақидаги меми можаро келтириб чиқарди

Илон Маск Украина президентининг ҳарбий ёрдам сўрашини истеҳзо билан изоҳлаган мемни эълон қилди.

Америкалик миллиардер, Tesla ва Space X асосчиси Илон Маскнинг 2 октябр, душанба куни X ижтимоий тармоғида эълон қилган Украина президенти Володимир Зеленский ҳақидаги меми ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кескин реакцияга сабаб бўлди.

Маск бир неча йил олдин интернетда тарқалган мемни фотошоп ёрдамида ўзгартириб эълон қилди. Унда Зеленский аёл кишининг ёнида хафа бўлиб ўтиргани кўрсатилган. Мем остидаги изоҳда шундай дейилган: «Миллиард долларлик ёрдам сўрамаганингдан беш дақиқа ўтиб». 

Эълон қилинганидан кейин дастлабки етти соат ичида ушбу пост 360 000 дан ортиқ «лайк» йиғди ва кўплаб салбий, қораловчи реакцияларга сабаб бўлди. Шу тариқа, фойдаланувчилардан бири ўз изоҳларида Маскнинг Россия Қуролли кучлари зобити кийимидаги фотошоп билан ўзгартирилган суратини жойлаштирди. Яна бир фойдаланувчи Путиннинг ўзгартирилган суратини жойлаштириб, қуйидаги ёзув қолдирди: «Ядровий таҳдид қилмаганингдан беш дақиқа ўтиб». 

Британиянинг BBC медиа-компанияси Маскнинг Украина президенти ҳақидаги мемини «ҳақорат билан чегараланган» деб атади. 

АҚШда Украинага ёрдам бўйича тортишувлар 

Украинага Россиядан ҳимоя қилишда ёрдам бериш АҚШда баҳсли мавзу бўлиб қолмоқда. Аксарият демократлар ва баъзи республикачилар Киевни қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда, АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп тарафдорлари қаторида бўлган республикачилар давлат бюджетидан ажратилаётган харажатларни ортиқча, деб ҳисоблайди. Трампнинг Конгрессдаги айрим тарафдорлари ҳам бу пул Мексика билан чегарада девор қуришга сарфлангани маъқул, демоқда. Илон Маск, шунингдек, аввалроқ «АҚШдаги сиёсатчилар Украина чегараси ҳақида ўз давлатларидан кўра 100 баробар кўпроқ хавотирда», деб айтган эди. 

30 сентябр куни АҚШ Конгресси федерал ҳукумат иши тўхтаб қолишининг олдини олишга қаратилган вақтинчалик бюджет лойиҳасини маъқуллади. Ушбу 45 кунлик бюджет лойиҳаси ҳукумат харажатлари билан бир қаторда, табиий офатларни бартараф этишни ҳам ўз ичига олади, лекин Украина учун маблағ йўқ. 

Ўз навбатида, АҚШ президенти Жо Байден ва Сенат аъзолари АҚШнинг Украинани қўллаб-қувватлаши тўхтамаслигига ишонтирди. Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Вашингтон Украинага 113 миллиард доллар ёрдам ажратди. Байден Конгрессдан яна 24 миллиард доллар ажратишни сўраган. 

Мавзуга оид