Туркия қуролли кучлари Ироқ шимолидаги Курдистон ишчилар партияси (КИП) объектларига ҳаводан зарбалар берди. Бу ҳақда Туркия мудофаа вазирлиги 1 октябр куни кечқурун эълон қилинган баёнотда айтилади.

Вазирликка кўра, зарбалардан мақсад «КИП ва бошқа террорчи унсурларни зарарсизлантириш, Шимолий Ироқдан Туркия аҳолиси ва ҳуқуқ-тартибот органларига қарши қаратилган террорчилик ҳужумлари амалга оширилишининг олдини олиш, чегара хавфсизлигини таъминлаш» бўлган.

«КИП томонидан фойдаланилган ғорлар, бункерлар, бошпана ва омборлардан иборат жами 20 та объект йўқ қилинди. Ҳужумлар давомида кўп сонли террорчилар зарарсизлантирилди», — дейилади мудофаа вазирлиги хабарида. 

Амалиёт давомида тинч аҳоли, тарихий-маданий бойликлар ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик учун барча эҳтиёт чоралари кўрилгани қайд этилган. Туркия қуролли кучлари «мамлакат ва халқнинг омон қолиши ва хавфсизлиги учун» терроризмга қарши курашни давом эттириши таъкидланган. 

Шу куни Ироқнинг Туркия ва Эрон билан чегарасига яқин жойлашган Сидакан шаҳри мэри AFP агентлигига Брадост ҳудуди ва Бадран қишлоғи бомбардимон қилинганини айтди. 

Курдларнинг Rudaw ахборот агентлиги зарбалар Ироқ шимолида, Эрон билан чегарадаги Қандил тоғ тизмаси бўйлаб берилганини тасдиқлади. Ҳаракатланиш қийин бўлган Қандил тоғлари анчадан буён КИПнинг таянч базаларидан бири ҳисобланади.

Туркия ИИВ биноси яқинидаги портлаш

Якшанба куни Туркия пойтахти Анқара шаҳрида икки номаълум шахс парламент ва ички ишлар вазирлиги бинолари яқинида портлаш содир этганди.

Курдистон ишчилар партияси портлаш ўзи билан алоқадор бўлган «Ўлмас баталён» томонидан амалга оширилганини тасдиқлади, бу гуруҳ 2016 йил Истанбулда содир этилган терактлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди.

Хабарларга кўра, ҳужум қилувчилардан бири машинадан чиққан ва қўриқчиларни чалғитиш учун кичик портловчи қурилмани вазирлик биноси томон улоқтирган.

Иккинчи ҳужум қилувчи эса вазирлик дарвозасидаги қўриқчиларга қарата ўт очган, кейин бомбани портлатган, портлаш оқибатида ўзи ҳалок бўлган.

Бу вақтда биринчи ҳужумчи вазирлик ҳудудига чопиб кирган ва тезда полициячилар томонидан отиб ўлдирилган.

Икки офицер яраланган. Улардан бири кўкрак қисмидан жароҳат олган, бошқаси икки оёғи ва кўзидан жароҳатланган.

«Отишма вақтида икки полициячимиз енгил жароҳат олди. Бизнинг курашимиз сўнгги террорчи зарарсизлантирилмагунича давом этади», — дея ёзган вазир Twitter саҳифасида.