Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқароларга янада қулай шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан фуқароларга давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарор ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга бериладиган мурожаатларининг барчаси бўйича давлат божи пасайтирилмоқда.

Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳаси билан келгусида, фуқароларга ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарор ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятлари янада кенгайтирилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.