Жаҳон | 08:21 / 07.10.2023
9315
2 дақиқада ўқилади

Майя Санду: «Вагнер» Молдовада давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрган 

Молдова президентининг сўзларига кўра, ҳукуматга қарши намойишларни зўравонликка айлантириш учун порахўрликдан фойдаланиш режалаштирилган эди. Украина разведкаси Россиянинг Молдовадаги сиёсий вазиятни беқарорлаштириш бўйича батафсил режаси ҳақида огоҳлантирган. 

Фото: Reuters

Молдова президенти Майя Сандунинг айтишича, «Вагнер» ХҲК Шарқий Европа давлатида давлат тўнтариши уюштиришга уринган ва бунинг олди олинган. Режага кўра, порахўрликдан фойдаланиб, ҳукуматга қарши намойишларни зўравонликка айлантириш мўлжалланган эди. «Бизда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, бу Пригожин жамоаси томонидан тайёрланган режа эди», деди Молдова раҳбари Financial Times газетасида 6 октябр, жума куни чоп этилган интервюсида

Унинг сўзларига кўра, Украина ва Руминия ўртасида жойлашган собиқ совет республикасига пул қисман Россиядан курерлар орқали, қисман эса Дубайдан банк ҳисоблари ва карталари орқали келиб тушган. У бошқа тафсилотларни келтирмади. Матнда, шунингдек, давлат тўнтариши айнан қачон амалга оширилиши режалаштирилгани айтилмаган. 

Сандунинг фикрича, Россия Молдовага босимни кучайтиради. «Улар ҳукуматни ағдаришга ҳаракат қилди, аммо муваффақиятсизликка учради. Энди эса катта миқдордаги маблағни ишлатиб, сайловларимизга катта миқёсда аралашишга ҳаракат қилмоқда», - дея таъкидлади Молдова президенти.

Киев Кишинёвни огоҳлантирган

Феврал ойида Украина президенти Володимир Зеленский Украина разведкаси «Молдовадаги сиёсий вазиятни беқарорлаштириш бўйича Россиянинг батафсил режасини» аниқлаганини ва мавжуд маълумотларни Кишинёвга узатганини айтганди.

Молдова ҳукумати Украина махсус хизматлари маълумотларини тасдиқлади. Феврал ойида Майя Санду яқин келажакда ҳарбий тайёргарликка эга бўлган диверсантлар Кишинёвдаги маъмурий биноларга ҳужум қилиб, одамларни гаровга олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Март ойида Молдова пойтахтида «Вагнер» ХҲК ёлланма аскари ҳибсга олингани ҳақида маълум бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид