Исроил ҳукумати уруш ҳолатида эканини эълон қилиб, фавқулодда сафарбарлик эълон қилди. Мамлакат армияси қақшатқич қарши ҳужумга тайёрланмоқда.

Исроил полицияси мамлакат чегарасини ҲАМАСнинг 200-300 нафар атрофидаги аъзоси кесиб ўтганини маълум қилган. Улар 14 та аҳоли яшаш манзилларига ҳужум қилган, ўнлаб исроилликлар асир олинган.

Исроил жанубидаги яшовчилар ҳудудга армиянинг қўшимча бўлинмаларини юборишни сўраган. «Бизни сўйишади, 6 соат ўтди, армиядан дарак йўқ», деган улардан бири.

Исроилнинг турли шаҳарларида юзлаб одамлар касалхоналарга бориб донор сифатида қон топширмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат уруш ҳолатида эканини маълум қилди.

 «Биз ҳарбий операция ўтказмаяпмиз, уруш ҳолатидамиз. ҲАМАС Исроил давлати ва фуқароларига қарши кутилмаганда ажалвор ҳужум бошлади. Исроил сарҳадларини террорчилардан тозалашга, захирадагиларни сафарбар қилишга буйруқ бердим. Душман ҳамма қилгани учун насибасини олади», деган Нетаняҳу.

Исроил президенти Ицхак Герцог ҲАМАС ҳужумлари ортида Эрон турганини айтган.

Ҳозиргача 100 нафар исроиллик ҳалок бўлгани, 908 нафар исроиллик турли даражадаги тан жароҳатлар билан касалхонага тушгани маълум қилинган. Яҳудийларда шанба куни дам олиш куни бўлгани учун фақат навбатчи шифокорлар ишлайди. Лекин ҳужум бошлангач, шифокорлар кўнгилли тарзда ишга чиққан.

Исроил томони ҲАМАС аъзолари қайси аҳоли яшаш пунктларига кирганини аниқлаган. Мамлакат армияси ҳарбийлари полиция ва махсус кучлар билан бирлашган ҳолда шу ҳудудларга юборилмоқда. Тинч аҳоли вакилларидан уйда эшикларни ёпиб ўтириш сўралмоқда.

Фаластинликларнинг ракеталаридан бири Ашкелондаги кўп қаватли турар жой биноси олдидаги автотураргоҳга келиб тушган

Исроил ҳарбийлари «Темир қилич» операциясини бошлаган

Исроил мудофаа вазири Йоава Галант захирадаги ҳарбийлар учун фавқулодда чақирув эълон қилган. «Бугун эрталаб ҲАМАС жиддий хато қилиб, Исроил давлатига қарши уруш очди», деган вазир.

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилингани, ҳуқуқ-тартибот органлари сафларига кўнгиллилар сараланишини маълум қилган. Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг суд ислоҳотига норозилик рамзи ўлароқ аввалги чақирув машғулотларида қатнашмаган захирадаги ҳарбийлар ҳам бу гал ўз ихтиёри билан армия сафига ёзилган. Мамлакат собиқ бош вазири Нафтали Бенет ҳам кўнгиллилар гуруҳига қўшилган.