7 октябр куни ҲАМАС гуруҳи Исроилга кутилмаганда ҳужум қилди. Ҳозиргача 2 мингга яқин инсоннинг ҳаётига зомин бўлган ҳарбий ҳаракатларни икки томон ҳам уруш деб атамоқда. Исроил иттифоқчилари яҳудийлар давлатига қилинган ҳужумни қораламоқда. Мусулмон давлатлар эса бунинг бари Исроилнинг босқинчилик сиёсати оқибатида келиб чиққанини эслатишди.
Қуйида ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги урушга минтақа давлатлари қандай муносабат билдираётгани кўриб чиқилади.
Араб давлатлари лигаси раҳбари Аҳмад Абу ал Гейт Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тезда тугатишга чақирди. «Исроилнинг зўравонлик ва экстремизмга асосланган сиёсати секин ҳаракатланувчи бомбага ўхшайди. Айнан шундай сиёсат сабаб келажакда минтақадаги вазият барқарорлашишига жиддий умид қилиб ҳам бўлмайди», деган у.
Миср эскалация кучайиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнотида томонлар босиқликка чақирилган ва тинч аҳолини хавф остига қўйиб бўлмаслиги таъкидланган. Reuters манбаларига кўра, Миср ҲАМАС билан ҳам, Исроил билан доимий мулоқотда бўлиб турибди. Хусусан, фаластинликлар асир олган исроилликларни ҳимоя қилиш бўйича музокара бошлаган. Аммо манбалар Исроилнинг жавоб зарбалари музокараларни қийинлаштирганини айтган.
Миср Исроил каби Ғазо билан умумий чегарага эга. Ҳозирда Миср чегараси ҳам ёпилган ва ғазоликлар қамалда қолиб кетган. Одатда Ғазога инсонпарварлик ёрдамлари айнан Миср чегараси орқали ўтади. Бу чегарада мисрлик ҳарбийлар ва анклавни тарк этиш истагидаги фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар ҳам бўлиб туради.
Баъзи манбалар Исроил ракета зарбалари бера бошлагач, Миср Ғазо билан чегарадан кунига фақат 2 минг киши ўтишига рухсат берганини ёзган. Ҳудудда эса 2 миллиондан ортиқ одам яшайди.
Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафади вазият кескинлигини таъкидлар экан, Исроилнинг фаластинлик тинч аҳоли вакилларига берган зарбаларини қоралаган. Кейинроқ Иордания исроилликларга ёрдам бериш учун бораётган АҚШ ҳарбий самолётларига ўз авиабазалрига қўнишга рухсат бергани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар ҳам тарқалди.
Қайд этиш жоиз, Иордания ва Мирс ўтган аср охирларида минтақадаги Исроил билан тинчлик битими имзолаган дастлабки давлатлар бўлганди.
10 октябр куни Ливан ҳудудидан ҳам Исроил шимолига ракеталар отилгани айтилди. Мамлакатдаги «Ҳизбуллоҳ» шиалар радикал ҳаракати вазиятни жиддий кузатаётгани, ҲАМАСдагилар билан доимий алоқада бўлиб турганини маълум қилган. Гуруҳ саҳифаларида «Биз боряпмиз» деган ёзувли видео эълон қилинган. Аммо ҳозирча ушбу ҳаракат Исроилга жиддий зарба бергани ҳақида фактлар йўқ.
























