BBC мухбири Рушди Абу Алуф сўнгги кунларда ҲАМАС ҳужумига жавобан муттасил тарзда ўққа тутилаётган Ғазо секторида бўлиб, маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.

«Биз қаерга боришимиз керак? Ҳудудимизда тинч ва чиройли, хавфсиз жой қолдими?» — дея сўрайди мендан Рималдаги кўп квартирали уйлардан бирида яшовчи киши киноя билан.

Бу ерда ўтказилган етти соат ҳаётимдаги энг оғир дамлар бўлди. ҲАМАСнинг Исроил жанубига мисли кўрилмаган ҳужумига жавобан Исроил жанговар самолётлари зарбаларнинг яна бир сериясини амалга оширди.

Бомбардимон ўнлаб турар жойлар, телекоммуникация компаниялари офислари ва Ғазодаги Ислом университети биносига жиддий шикаст етказди.

Бу ҳудуд якшанбадан душанбага ўтар кечаси ҳам бутун тун давомида қўрқинчли портлашлардан зириллаган. Ҳаммаёқдан болаларнинг йиғиси эшитилади, ҳамма мижжа қоқмай чиқади. Ғазонинг энг фаровон ва тинч ҳудуди бўлган Римал аҳолиси бу тунни узоқ вақтгача унута олмайди.

Тонг отиши билан зарбалар интенсивлиги пасаяди ва маҳаллий аҳоли вакиллари вайронгарчилик кўламини англай бошлайди.

Ғазонинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган квартал инфратузилмаси жиддий шикастланган, бу ердан олиб чиқувчи йўллар тўсилиб қолганди.

Мен туман бўйлаб ҳаракатланар эканман, бу ерда зилзила бўлгандек тасаввур уйғонарди.

Атрофда биноларнинг қолдиқлари, синган ойналар ва қувурларнинг узилиб кетган қисмлари сочилиб ётарди. Вайронгарчилик кўлами шундай эдики, мен бу ердаги уйларнинг баъзиларини умуман танимадим.

«Мен барчасидан айрилдим. Беш фарзандим яшаган квартира шу ерда жойлашганди. Бинонинг пастки қаватида жойлашган озиқ-овқат дўконим бутунлай вайрон бўлди», — дейди қўлида ўз қизи Шаҳдни кўтариб олган маҳаллий аҳоли вакили Муҳаммад Абу ал-Касс.

«Биз қаерга борамиз? Бизда энди иш ҳам, бошпана ҳам йўқ», — дея қўшимча қилган у.

«Менинг уйим ва дўконим ҳарбий нишонми, Исроил?» — дейди ва оддий фуқароларни ўққа тутмаслигини айтиб келадиган исроиллик ҳарбийларни иккиюзламачиликда айблайди.

Исроил армияси ҳар куни Ғазо бўйлаб юзлаб зарбалар бермоқда
Фото: ALI JADALLAH/ANADOLU