Исроил секторга озиқ-овқат, сув, ёнилғи ва электр етказиб беришни тўхтатган, унинг армияси эса ҲАМАС объектлари бўйлаб ёппасига артиллерия зарбалари ва авиазарбалар йўлламоқда. Ҳаракат вакиллари эса Исроил бомбардимонни давом эттирадиган бўлса, гаровга олинган исроилликлар ва хорижликларни қатл қилиш билан таҳдид солган.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Гилад Эрданга кўра, Ғазода ҲАМАС аъзоларининг Исроил ҳудудига рейди вақтида гаровга олинган 100-150 киши тутиб турилибди. Бугунги кунга келиб ҳужум қурбонлари сони 1300 кишига етган — уларнинг катта қисми чегарадаги аҳоли яшаш манзилларида яшаган тинч аҳоли вакиллари ва мусиқа фестивалида иштирок этган хорижликлардир. Исроилнинг жавоб зарбалари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони эса 1400 дан ошди.

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори билан чегарага бир неча юз минг кишидан иборат пиёдалар ва зирҳли танк қисмларини жойлаштирган.

Аммо, афтидан, ҳарбий қўмондонлик воқеалар ривожини жадаллаштирмоқчи эмас — расмийлар бу уруш узоқ давом этиши ва ҲАМАС устидан ғалаба бир неча кун ёки ҳафтада ҳал бўладиган иш эмаслигидан огоҳлантирган.

Ғазода бошланиши кутилаётган қуруқлик амалиёти учун қандай сценарийлар бор ва Исроил армияси қандай қийинчиликларга дуч келиши муқаррар?

Ғазо сектори — Фаластиннинг Ўрта Ер денгизи соҳилидаги анклави бўлиб, шимол ва шарқда Исроилдан, жанубда Мисрдан тўсиқлар тизими билан ўраб олинган. Унинг майдони 363 кв. км.ни ташкил этади, аммо аҳолиси сони — 2,2 миллион кишидан ортиқ.

Осмонўпар бинолар йўқлигини ҳисобга олиб, бу ердаги аҳоли яшаш уйлари қанчалик тиғиз қурилганини тасаввур қилиш мумкин. Қолаверса, секторда далалар ва яйловлардан иборат қишлоқ хўжалиги ҳудудлари ҳам бор.

Ҳудуд ўн минглаб қуролланган жангчиларга эга ва маҳаллий аҳоли томонидан қўллаб-қувватланадиган ҲАМАС гуруҳи томонидан назорат қилинади.

«ҲАМАС кучишлатар тузилмаларида 40 минг жангчига эга ва бу армия типидаги тузилма — интизом, мудофаага узоқ тайёргарлик, Ғазо остида ўнлаб километрлик туннел ва бункерлар қазилган», — деган BBC билан суҳбатда исроиллик ҳарбий эксперт Давид Шарп. Унинг баҳоларига кўра, Ғазодаги иккинчи йирик гуруҳ «Ислом жиҳоди» гуруҳида эса яна 10 минг жангчи мавжуд.