Ғазо бўлгасидан Исроилга қилинган ҳужум ва бунга жавобан Исроилнинг миллионлаб аҳоли яшайдиган ҳудудни тўхтовсиз бомбардимон қилаётгани фонида бу можаронинг тарихига кенгроқ тўхталиш зарурати юзага келди.
Исроил – ёш давлат. Дунёда ёш давлатлари кўп. Лекин, бу янги давлатлар – янги мустақил бўлган давлатлар ҳисобланади. Исроил эса, нафақат янги давлат, балки бу ерларга кейинги бир асрда кўчиб келган ва келаётган миллатнинг сиёсий бирлашуви ҳамдир. Тахминан икки минг йилларча олдин, ҳозирги можаро бўлаётган ерларда ҳақиқатда яҳудийлар яшаган. Лекин, таъкидлаш керакки, қадимги яҳудийлар давлатларининг йўқ бўлишига ислом ва мусулмонларнинг алоқаси йўқ.
19-асрнинг ўрталарига келиб, Европада қудратли империялар дунёни бошқараётган даврда, европалик бир қанча яҳудий мутафаккирлари сионизм ҳаракатини ташкил қилишади. Сионизм – дунёвий яҳудий миллатчи ҳаракат бўлиб, Фаластинда яҳудийлар давлатини ташкил қилиш – унинг бош мақсади ва орзуси эди.
Биринчи жаҳон урушига қадар, Фаластин ҳудуди Усмонли Турк империяси назорати остида эди. Усмонлилар Биринчи жаҳон урушида енгилгач, 1920-23 йилларда Фаластин устидан назорат Британия империясига ўтади. Айнан ўша даврдан бошлаб, Фаластин ерларида яҳудийлар давлатини ташкил қилиш ғояси ва лойиҳаси амалга оша бошлайди.
1917 йилнинг октябр ойида, британиялик қудратли сиёсатчи Артур Белфор Фаластинда яҳудийлар учун давлат ташкил қилиш борасида Британия ҳукуматининг декларациясини қабул қилишга эришади. Лорд Белфор асли яҳудий бўлиб, у ўз миллатдошлари учун, қолаверса, Британия империяси манфаатлари учун, Фаластин ҳудудларида янги яҳудий давлатини ташкил қилиш борасида жиддий уринишлар қилади.
Айнан ўша даврдан бошлаб, Фаластинга Европадан, Россиядан, Африка ва бошқа минтақалардан этник яҳудийларни кўчириб келиш сиёсати бошланади. Бошида, содда фаластинликлар кўчиб келаётган яҳудийларнинг асл мақсадини тушунмайди, уларга ҳеч қандай жиддий қаршилик қилмайди. Лекин вақт ўтиб, яҳудийларнинг сони ва салмоғи ошиши билан, фаластинликлар ўз ҳудудларида сиёсий ва иқтисодий ташаббусни йўқотиб бошлайди.
1945 йилда, иккинчи жаҳон урушидан кейинги янги дунё тартиботини ўрнатиш мақсадида тузилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ўзининг биринчи вазифаси сифатида Исроил давлатини тузишга қарор қилади. 1947 йилда, ўша даврдаги тўлиқ Фаластин ерларида иккита давлат тузиш қарори қабул қилинади. Фаластин ерларининг тахминан 55 фоизи яҳудийларга – Исроилга, қолган 45 фоизга яқин ерлар Фаластинга қолдирилади.
Натижада 1948 йилдаёқ Исроил давлати тузилгани эълон қилинади. Лекин, мана орадан 75 йил ўтяптики, ҳалига қадар Фаластин давлати тўла шакллантирилгани йўқ. Қолаверса, Фаластинга ажратилган ерлар ҳам Исроил томонидан ҳар хил усуллар орқали босиб олинди, қўшиб олинди. Фаластин давлати ҳудуди бўлиши белгиланган жойларга яҳудийлар кўчиб келиб, қишлоқлар ва аҳоли пунктлари қуриб олишди.

















