Украинада урушнинг 598-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Қрим кўприги фаолияти тўлиқ тикланди, деб хабар берди РФ вице-премьери Марат Хуснуллин. Кенг кўламли уруш бошланганидан буён Қрим кўпригида икки портлаш рўй берган — 2022 йил 8 октябр ва 2023 йил 17 июл кунларида. Портлашлар Украина хавфсизлик хизмати томонидан уюштирилган.
  • Сочи яқинида, Қора денгиз ҳудудида икки дрон уриб туширилди. Шаҳар ҳудудида вайронгарчиликлар ва жабрланганлар бўлмаган.
  • Қўшма Штатлар биринчи марта Шимолий Кореяни Россияга қурол етказиб беришда тўғридан тўғри айблади. Оқ уй маълумотига кўра, 7 сентябрдан 1 октябрга қадар Россия байроғи остида сузган кемалар КХДР ўқ-дорилари юкланган мингдан ортиқ контейнерни Россия портига олиб келган, юклар бу ердан Россия ҳарбий омборларига олиб кетилган.
  • Россия армияси шарқий фронтнинг бир неча участкаларида, биринчи навбатда — Авдийивка ҳудудида интенсив ҳужум қилишда давом этмоқда. Икки томондан келаётган хабарларга кўра, Россия қўшини сўнгги кунларда артиллерия ва авиациядан ёппасига зарбалар йўллаган ва Авдийивкадаги украин гуруҳини қуршаб олиш мақсади доирасида шимолий қанотда бир неча юз метрга илгарилаган, аммо ҳозирча фронт чизиғида жиддий ўзгариш кузатилмаяпти. Россиялик ҳарбийлар Авдийивкадан ташқари шимолдаги Купянск атрофида ва жанубдаги Марйинка ҳудудида фаол ҳужум қилмоқда.
  • Украина ҳарбийлари ва ғарб разведкаси Запорижжя областининг Токмак шаҳрини Украина қуролли кучларининг яқин ҳафталардаги юриши учун реал мақсад деб ҳисоблашмоқда.
  • Конгресс АҚШга бир вақтнинг ўзида Хитой ва Россияга қарши кечадиган урушга тайёрланишни тавсия қилди.

Измайил ўққа тутилиши оқибатлари

Дунай дарёси ёқасидаги порт шаҳар бўлмиш Измайилда яшовчи аёл россияликларнинг 12 октябрга ўтар кечаси йўллаган зарбасидан шикастланган уйи олдида. Ҳужум вақтида бир кекса аёл яраланган, қурбонлар йўқ.
Nina Liashonok / Reuters / Scanpix / LETA
Измайилда яшовчи киши кўтарма платформада россияликлар зарбаси вақтида шикастланган электр узатиш линиясини таъмирламоқда. Измайил — Одесса области жанубида, Руминия билан чегара яқинида, Дунай дарёси ёқасидаги порт шаҳар ҳисобланади. РФ армияси Измайил порт инфратузилмасини 12 октябргача ҳам ўққа тутганди. 
Nina Lyashonok / Укринформ / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA