"Ўзбекистон темир йўллари" раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Раҳметовнинг айтишича, чипта нархлари арзонлиги унинг қўлма-қўл бўлиб, чайқовчилар томонидан бемалол сотилишига замин яратган. “Агар бу борада жаримани оширмасак, кўча тўла “спекулянт”лар чипталарни олишади, йўловчилар эса манзилига боролмай қолади”,– дейди у.
20 октябрдан Ўзбекистонда тезюрар ҳамда “Афросиёб” поездининг чипта нархлари мос равишда 50 ва 100 фоизга оширилади. Мамлакатда бошқа альтернатив вариантларга нисбатан аҳолининг катта қисми темирйўл хизматларидан фойдаланади. Шу боис ҳам нархлар оширилиши одамлар томонидан ижобий кутиб олинмаслиги аниқ эди.
Хўш, масъуллар бу жараёнда фуқароларнинг тўлов қобилияти ва бошқа жиҳатларни қанчалик инобатга олган? Нархлар оширилганидан сўнг кейинги қадамлар қандай бўлади? Чипта сотиб олишдаги ношаффофликка қачон барҳам берилади?
14 октябр куни “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ масъуллари билан ўтган матбуот анжуманида шуларга аниқлик киритилди. Дастлаб АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Раҳметов нархлар масаласида ўз муносабатини билдирди.
Унинг айтишича, темирйўлда нархлар охирги 6 йил, яъни 2017 йилдан бери оширилмай келган. Шу боис ҳам соҳанинг юк ташиш ва йўловчи ташиш фаолияти зарарга ишлаган.
“Мамлакат ичида юк ташиш бўйича зарар деярли 80 фоизга яқинлашган. Бугунги кунда Ўзбекистон темирйўлларида йўловчи ташиш нархлари дунё миқёсида энг пасти саналади. Агар интернетдан биздан ҳам паст нархда, худди шу хизматларда ишлайдиганини топсангиз, бизга шуни кўрсатиб беринглар.
Биз энг қолоқ давлат эмасмиз-ку, нима сабаб энг паст нархдамиз? Чунки давлат раҳбаримиз шу нарсанинг бўлишини хоҳладилар, талаб қилдилар. Юк ташишда ҳам биз дунёда энг арзонимиз.
Хитойни қарайдиган бўлсак, бу давлатдан 2 баробарга, Россиядан 3 баробарга арзонмиз. Биз юқори тезликда ҳаракатланадиган поездимизда бераётган хизматлар Россияда йўқ”, – дейди у.
Биринчи ўринбосарнинг қўшимча қилишича, хориж давлатлари темирйўл поездларининг VIP’лари Ўзбекистонникига нисбатан яхши эмас. Ўриндиқлари кичкина, градуси бўйича эса букилмайди.














