Евро-2024 саралаш турнири якунига яна икки тур қолди, аммо ҳозирча чемпионатда иштирок этадиган 24 жамоадан фақат 9 таси маълум - мезбон Германиядан ташқари Белгия, Франция, Португалия, Испания, Шотландия, Туркия, Австрия ва Англия. Улар сафига Венгрия, Албания, Дания, Нидерландия ва Сербия жамоалари қўшилиши эҳтимоли юқори. 
 Икки гуруҳда чемпионатга кимлар тўғридан тўғри бориши аниқ бўлган, тўрт гуруҳда эса — бирорта жамоа ҳали масалани ҳал қилмаган.

Барчаси ойдинлашган

А ва F гуруҳларида барчаси аниқ. Испания, Шотландия, Белгия ва Австрия миллий жамоалари ноябрда Европа чемпионатига тайёрланишни бошлайди. Амалда ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган охирги турларда бош мураббийлар турли тажрибаларга қўл уриб кўриши мумкин. Гуржистонликлар  Миллатлар лигаси плей-офф босқичи орқали ўйналадиган қўшимча йўлланма учун курашиши аниқ, Норвегия, Озарбойжон ва Эстонияда ҳам бундай имконият юзага келиши мумкин. Аммо уларнинг тақдири бошқа ўйинлар натижаларига боғлиқ. Швеция ва Кипр эса Германияга бормаслиги аниқ.

16 ноябр. Гуржистон – Шотландия, Кипр – Испания
19 ноябр. Шотландия – Норвегия, Испания – Гуржистон.

16 ноябр. Озарбойжон – Швеция, Эстония – Австрия
19 ноябр. Белгия – Озарбойжон, Швеция – Эстония.

Охирги нуқтани қўйиш қолган

В гуруҳи

Греклар нидерландларга икки ўйинда ҳам ютқазди, шунинг учун уларда иккинчи ўринни эгаллаш учун фақат назарий жиҳатдан имконият сақланиб қолган. Агар рақиб қолган икки ўйинда иккитадан кўп очко олса, грекларга ҳатто Франция устидан ғалаба қозониш ҳам етарли бўлмайди. Нидерландларга эса охирги турда гуруҳ аутсайдери Гибралтар билан ўйинда ғалаба қозониш ҳам кифоя қилади, аммо барча масала ундан олдинроқ — Ирландияга қарши уй учрашувидаёқ ҳал бўлиши ҳам мумкин.

Греция гуруҳда учинчи ўринни олса, Миллатлар лигаси плей-офф босқичи орқали яна бир уриниб кўради, ирландларда ҳам плей-офф учун назарий имконият мавжуд, Гибралтарда эса ҳеч қанақа иккинчи имкон бўлмайди ва бу ажабланарли эмас.