“Денгиздан бир томчи” – Исроил-Ҳамас уруши бошланганидан буён илк марта Ғазога ҳуманитар ёрдам киритилди
21 октябр куни Миср-Ғазо чегарасидаги Рафаҳ ўтиш жойи очилиб, Исроил қамалидаги Ғазо секторига 20 та юк машинасида ёрдам кириб келди. Ҳуманитар ёрдам таркибида зарур бўлган дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари бор. Экспертлар бу ёрдам жуда озлигини ҳамда ҳудуд учун ёқилғи ҳам зарурлигини айтмоқда.
“Бугун кириши керак бўлган ёрдам колоннаси дори-дармон, тиббий буюмлар ва чекланган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари [консерва маҳсулотлари] олиб кетилган 20 та юк машинасини ўз ичига олади”, дея Ҳамас матбуот идораси сўзларини келтирмоқда Aljazeera нашри.
Очиқ осмон остида қамалда бўлган фаластинликлар учун бу зарур, шу билан бирга жуда оз миқдордаги ёрдам ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Исроил тахминан 3 минг тонналик ёрдам олиб кетаётган 200 дан ортиқ юк машиналарини бир неча кундан бери Ғазога киритмай турибди.
БМТнинг Фавқулодда ёрдам бўйича координатори Мартин Гриффитс ушбу ёрдамни олқишлаб, уни амалга ошириш учун “чуқур ва шиддатли музокаралар” ўтказишга тўғри келганини айтган.
“Ишончим комилки, бу етказиб бериш Ғазо аҳолисини хавфсиз, ишончли, сўзсиз ва тўсиқсиз озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва ёқилғи билан таъминлаш бўйича барқарор саъй-ҳаракатларнинг бошланиши бўлади”, — деган БМТ вакили.
Исроил тарафи Мисрдан Ғазога кирадиган ёрдам юклари таркибига ёқилғи кирмаслигини таъкидлаган. Бу эса ҳудуддаги аҳоли учун ёрдамни қийинлаштиради. Шифохоналарни сув ва электр генераторлари билан таъминлаш учун ҳам ёқилғи керак.
Айни вақтда Ғазода ёқилғисиз бир нечта шифохоналар тўлиқ ишламаяпти, натижада минглаб беморлар, шу жумладан инкубаторлардаги янги туғилган чақалоқлар ҳаёти ҳам хавф остида қолган.
“Ёқилғи жуда муҳим, у келиши керак. Агар биз одамларга ёрдам беришни истасак, бизга ёқилғи керак бўлади,” — деди UNRWA алоқа директори Жулиетта Тоума.
Aljazeera нашрининг ёзишича, Ғазога бу тўқнашув бошланишидан олдин кунига 100 га яқин юк машинасида ёрдам олиб келинган. Бугунги инқироз вақтидаги ушбу 20 та юк машинаси эса денгиздан бир томчи холос.
Халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳам ушбу кичик ёрдам карвони Ғазодаги вазиятни ўзгартирмаслигини айтган.
Мавзуга оид
16:18 / 05.11.2024
Исроилнинг уруш жиноятлари учун рамзий «Ғазо трибунали» тузилди
15:50 / 05.11.2024
Исроил армиясининг Ғазодаги йўқотишлари 781 кишига етди
13:30 / 01.11.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар сони 182 нафарга етди
10:00 / 31.10.2024