ЕИ: Арманистон Россияга нисбатан ўз позициясини ўзгартирди
Арманистон ҳукумати ўзини «Кремл томонидан сотилган» деб ҳисоблайди ва бу вазиятда ЕИ Ереванга ёрдам беришни ўзининг бурчи деб билади, дейди Брюссел вакиллари. Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгаши биринчи марта Арманистон хавфсизлигини мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилади.
Европа Иттифоқи Арманистонда кайфият тубдан ўзгарганини қайд этмоқда. «Арманистон Россияга нисбатан ўз позициясини ўзгартирди», деди 20 октябр, жума куни Европа Иттифоқининг Брюсселдаги юқори мартабали расмийси Арманистон бош вазири Никол Пашинянга таяниб. «Улар Москва томонидан сотилганини ҳис қилди ва янги вазиятга дуч келди. Бизнинг бурчимиз бу ўзгаришларда Арманистонга ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлашдир», деди расмий.
23 октябр, душанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгаши биринчи марта Арманистонни қўллаб-қувватлаш ва унинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашнинг турли йўлларини муҳокама қилади. Европа Иттифоқи Ереванга молиявий, хусусан, демократия, хавфсизлик ҳамда кибер ва гибрид ҳужумларга қарши туриш қобилияти билан боғлиқ масалаларда ёрдам бериш ниятида, дея маълум қилди Брюссел. «Россия Арманистонда нима қилиши мумкинлиги ҳақида ўта ҳушёр бўлишимиз керак», деди Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси.
Брюссел Арманистонга ҳужумдан хавотирда
Европа Иттифоқи Арманистоннинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва хавфсизлигини бузишга қаратилган ҳар қандай уринишлардан хавотирда. «Бу жиддий ташвиш уйғотадиган нарса ва биз бу ҳақда президент Алиев ва Озарбойжон вакилларига аниқ айтдик», деди расмий ҳамда Брюсселнинг бу хавотирларини Бокуга, жумладан, Европа кенгаши раиси Шарл Мишел, бош дипломат Жозеп Боррел ва Европа Иттифоқининг Жанубий Кавказдаги махсус вакили Тойво Клаар етказганини қўшимча қилди.
Шу фонда Европа Иттифоқининг Арманистондаги фуқаролик мониторинги миссияси кучайтирилиши мумкин, деди Брюсселдаги юқори мартабали амалдор. У 2023 йил январ ойида ишга тушди ва 100 га яқин ходимга эга.
Европа Иттифоқи ҳуманитар ва дипломатик ёрдам кўрсатяпти
Брюссел Арманистон ва Озарбойжон ўртасида кенг қамровли тинчлик битими имзоланишига интилмоқда. Октябр ойи охирига қадар Брюсселда Арманистон ва Озарбойжон раҳбарлари ҳамда Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел ўртасида саммит бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 5 октябр куни Гранадада бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитига ташрифини бекор қилганидан кўп ўтмай маълумот берилди. Дастлаб у ерда икки давлат, шунингдек, Германия, Франция ва Европа Иттифоқи раҳбарлари ўртасида қўшма меморандум имзоланиши тахмин қилинган эди. Натижада ҳужжат Алиевсиз имзоланди.
17 октябр куни Арманистон президенти Никол Пашинян ўз мамлакатининг Европа Иттифоқи билан яқинлашишга тайёрлигини маълум қилди. У Брюсселни Ереваннинг ислоҳотлар соҳасидаги асосий ҳамкори деб атади ва Қорабоғ аҳолиси кўпчилигининг мамлакатга оммавий кўчирилиши натижасида юзага келган ҳуманитар инқирозни бартараф этишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. Россия тинчликпарвар миссиясининг ҳаракатсизлиги туфайли бир ҳафта ичида 100 мингга яқин одам Қорабоғни тарк этган, деди бош вазир.
Ҳарбий ҳаракатлар авж олгани ва минглаб одамларнинг Қорабоғдан чиқиб кетишига жавобан 2023 йил сентябрида ЕИ Арманистонга 10 миллион евродан ортиқ ҳуманитар ёрдам ажратди. 2020 йилда Қорабоғ ва унинг атрофида уруш бошланганидан бери Еврокомиссия шошилинч ҳуманитар ёрдам учун жами 31,2 миллион евро йўналтирди.
Мавзуга оид
11:37 / 15.11.2024
ЕИ биринчи марта қуролни биргаликда сотиб олишни молиялаштиради
21:21 / 14.11.2024
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади
08:08 / 14.11.2024
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
14:26 / 13.11.2024