Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада портлаш юз берганига 28 октябрда бир ой бўлади. Аҳоли хонадонларига етказилган зарарни қоплаш, уйларни таъмирлаш ишлари эса ҳамон давом этяпти. Kun.uz мухбири портлаш зарар етказган ҳудудда бўлиб, таъмирлаш ишлари қандай олиб борилаётганини ўрганди.
Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган Interlogistics МЧЖ ҳудудидаги омборхонада 28 cентябр куни ёнғин ва портлаш содир бўлганди. Портлаш оқибатларини ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Ҳукумат комиссияси ҳолат юзасидан жиноят иши доирасида 4 нафар шахс қамоққа олингани, 1 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида хабар берганди.
Шунингдек, ўрганишлар натижасида омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда сақлангани аниқланди. Таъкидланишича, омборхонада сақланаётган кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиб, портлаш содир бўлган.
Бунинг оқибатида 39 та кўп қаватли уйдаги 1370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг, 1 мактаб ва 1 боғчанинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етказилган ва умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил этган. Ҳозир ушбу объектларга пудрат ташкилоти бириктирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Қурувчилар даҳасидаги 9А кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролардан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда зарар етган хонадонлар охиригача таъмирланмасдан ташлаб кетилаётганини айтди.
«Таъмирлашда фақат ойналарни тўғри қўйиб беришди холос. Қўйилган эшикларда тутқич йўқ, устига-устак тўғри қўйилмаган, яхши ёпилмайди ҳам. Қилиб беришади деб усталарнинг рақамини беришганди, қўнғироқ қилсак, бошқа жойга тушиб қолдингиз, дейишяпти. Бизга яшашга яроқсиз ҳолда беришди уйни. 20 кун бошқа жойда яшаб, энди ўзимиз тузатиш учун усталар қўйдик. Пул топган одамлар-ку амаллаб қиляпти, имкони йўқлар-чи, совуқда қоладими? Таъмирлаш бу фақат ойна қўйиш дегани эмас-ку», — дейди у.

9В уйда яшовчи Феруза Айтимбетованинг айтишича, усталар фақат балкон билан меҳмонхона ўртасидаги деразадан бошқа ҳамма жойни таъмирлаб берган. Масъул шахслар бир неча кун ичида қолган жойни ҳам таъмирлаб берамиз деб ваъда бериб кетган.
















