Жаҳон | 16:25 / 24.10.2023
16225
5 дақиқада ўқилади

Ирпинда тиклаш ишлари, Киевда рус дронлари кўргазмаси. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 607-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • «Важние история»нинг аниқлашича, РФ мудофаа вазирлиги аёлларни мерганлар ва дрон операторлари отрядлари учун урушга ёллай бошлади. Уларга 220 минг рублдан бошланувчи маош билан ярим йиллик шартномалар таклиф этилмоқда. Агар номзодларда қурол билан муомила қилиш кўникмаси бўлмаса, уларга бир ой Донецкда ҳарбий тайёргарликдан ўтиш таклиф этилади.
  • Венгрия яна Украинага 500 миллион евро миқдорида ҳарбий ёрдам ўтказишга қарши чиқди. 2022 йилда Будапешт Украинага 18 миллиард евролик ёрдам кўрсатиш дастурини блоклаганди.
  • The Washington Post украиналик мулозимларга асосланган ҳолда Даря Дугинанинг ўлдирилиши Украина хавфсизлик хизмати томонидан уюштирилганини хабар қилди. УХХ бу маълумот юзасидан изоҳ бермаган.
  • Давлат думасининг собиқ депутати Дмитрий Гудковга қарши армия ҳақида «фейк» тарқатиш бўйича жиноий иш қўзғатилди. Сиёсатчининг таъқиб қилинишига 2022 йил апрелида унинг YouTube каналида эълон қилинган роликдан иқтибослар сабаб бўлган. Уларда Буча, Ирпин ва Бородянкада тинч аҳоли ёппасига ўлдирилгани ҳақида ёлғон маълумотлар борлиги айтилган.
  • Россия қўшинларининг Украинадаги йўқотишларини кузатиб борувчи Oryx лойиҳаси маълумотларига кўра, Украина ҳарбийларининг 17 октябрга ўтар кечаси Бердянск ва Луҳанскдаги аэродромларга йўллаган зарбалари оқибатида россияликларнинг 9 та вертолёти йўқ қилиниб, яна 15 таси шикастланган.

Кун кадри. Россиялик муддатли ҳарбий хизматчилар Пулково аэропортида

Петербургда кузги чақирув доирасида илк чақирилганлар ўқув қисмларига юборилди. Навбатчилик жойида улар низомни ўрганади, қасамёд қабул қилади ва ёш жангчилар курсидан ўтади, шундан кейин хизмат қилиш учун армия бўлинмаларига юборилади. Йил охирига қадар Петербургда икки ярим минг кишини хизматга чақириш режалаштирилган. Ҳарбий хизмат вақти 12 ойни ташкил этади.

29 сентябр куни, кузги чақирув арафасида, РФ бош штаби қўшимча сафарбарлик ўтказилмаслиги, шунингдек чақирилувчилар Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудларига юборилмаслигини маълум қилганди.

2024 йил 1 январдан 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган россияликлар армияда хизмат қилишга чақирилади.

Фото: «Медуза»

Киевда Россия дронлари кўргазмаси

Киевдаги Миллий ҳарбий музейида «Хавф юқорида» номли кўргазма ташкиллаштирилди — экспозицияда РФ армиясининг учувчисиз учар қурилмалари тақдим этилган. Булар уриб туширилган ёки шикастланган дронлар эмас, балки украин ҳарбийлари радиоэлектрон кураш комплекслари (РЭБ) орқали қўлга киритган моделлардир. Бундай комплекслар дронларнинг алоқа ва бошқарув тизимлари фаолиятини ишдан чиқарадиган радиошовқинлар юборади.

Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Киевда кўнггиллилар Украина ҚК мерганлари учун маскировка тўрлари тўқимоқда 

Viacheslav Ratynskyi / Anadolu / Vida Press
Viacheslav Ratynskyi / Anadolu / Vida Press
Viacheslav Ratynskyi / Anadolu / Vida Press

Ирпиннинг тикланиши

2022 йил баҳорида Буча қатори Ирпин шаҳри ҳақида ҳам бутун дунё билиб олганди. Россия қўшини Ирпинни кенг кўламли босқин бошидаёқ, 28 феврал куни эгаллаб олганди, март ойи охирида РФ армияси Киев областидан чекинганида, шаҳар Украина қуролли кучлари назоратига қайтади. Озод этилганидан кейин Ирпинда Россия оккупацияси вақтида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакилларидан 269 кишининг жасади топилган.

Украина миллий полицияси оккупацияни бошдан кечирган маҳаллий аҳоли вакилларига асосланиб, Ирпин учун жанглар вақтида Россия ҳарбийлари бу ерни ҳар куни ўққа тутгани ҳақида хабар берган. Шу билан бирга, украин полициясига кўра, ҳарбий ҳаракатлар олиб борилган кварталларда Украина ҚК ҳарбийлари ҳам, ҳудудий мудофаа жангчилари ҳам бўлмаган.

Бир ой ичида Ирпиндаги инфратузилмаларнинг тахминан 30 фоизи, биноларнинг 70 фоизи тўлиқ яксон этилган. Украина шаҳарларидаги вайронгарчиликларни қайд этиб борувчи Rebuildua кўнгиллилар лойиҳаси маълумотларига кўра, Ирпинда етказилган зарар миқдори 23,5 миллиард гривнани (616 миллион доллардан ортиқ) ташкил этади. Қуйида вайрона шаҳарни тиклаш жараёни акс этган суратлар.

Қайта тиклаш яроқсиз деб топилган вайрона бинолар ўрнида ишчилар томонидан янги уйлар қурилмоқда
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Ишчилар Ирпинда янги автойўл ётқизишмоқда. Орқа планда — ўқ тешиклари бўлган бузуқ автомобил
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Мавзуга оид