12:06 / 24.10.2023
6613

Венгрия ЕИнинг Киевга ҳарбий ёрдам ажратишини блоклаб қўйди

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Европа тинчлик жамғармасидан Киевга 500 миллион евро ажратиш бўйича келиша олмади.

Жозеп Боррел Фото: FREDERICK FLORIN/AFP

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Люксембургдаги йиғилишда Украинага Европа тинчлик жамғармасидан (ЕТЖ) 500 миллион евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиш бўйича келиша олмади. Бу ҳақда 23 октябр, душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди.

«Биз ЕТЖдан сўнгги сегментни таъминлаш муаммосини ҳалигача ҳал қилганимиз йўқ, аммо ечим излашда давом этамиз. Қандай бўлмасин, биз буни топамиз», - дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради DW’нинг Брюсселдаги мухбири. 

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбарининг таъкидлашича, Киевга ҳарбий ёрдамнинг 8-транши берилиши жорий йил охиригача келишиб олиниши керак. Бу маблағдан ёрдам берадиган янги фонд яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда, ундан Украинага қурол дастурлари ва ўқитиш учун ҳар йили 5 миллиард евро ажратилади. 

Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага ҳарбий ёрдамини блоклаб қўйди

2023 йилнинг май ойидан бери Венгрия Киевга Европа тинчлик жамғармасидан ҳарбий ёрдамнинг 8-транши берилишига рози бўлмаяпти. Ўша пайтда мамлакат ташқи ишлар вазири Петер Сийярто айтганидек, Будапешт Венгриянинг энг йирик банки - OTP Россияда ўз фаолиятини давом эттираётгани сабабли Киев томонидан киритилган «уруш ҳомийлари» рўйхатидан чиқарилмагунча, бу позицияни ўзгартирмайди.

29 сентябр куни Украина Венгриянинг OTP банки ва Грециянинг бешта юк ташиш компанияси рўйхатидан чиқарилишини эълон қилди. Бироқ, Будапешт энди банк яна у ерга киритилмаслиги учун кафолат талаб қилмоқда, дея таъкидлайди мустақил матбуот. 

ТАСС агентлиги маълумотларига кўра, Европа тинчлик жамғармаси ҳисобидан ЕИ ўз аъзо мамлакатларига Украинага ҳарбий таъминоти қийматининг қарийб 40 фоизини қоплайди. 

Top