Жаҳон | 11:42 / 27.10.2023
4896
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун биринчи ўқишда қабул қилинди

Қирғизистон парламенти аъзолари қонун лойиҳасини ҳеч қандай муҳокамасиз қабул қилди. Унда чет эл таъсири остидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида иштирок этганлик учун ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Фото: president.kg

Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеш депутатлари «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатни ёқлаб 52 депутат овоз берди, 7 нафари қарши чиқди. Kloop хабар беришича, депутатлар қонун лойиҳасини ҳеч қандай муҳокамасиз қабул қилган. Қабул қилинган қонун лойиҳасида чет эл таъсири остидаги нотижорат ташкилотлар (ННТ) фаолиятида иштирок этганлик учун ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Парламент қарори муносабати билан Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти вакиллари Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, Буюк Британия, АҚШ, Швейцария элчихоналарига мурожаат қилди. «Халқаро ва қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, ҳуқуқшунослар ва медиа экспертларининг фикрига кўра, бу камситувчи, жазоловчи қонун лойиҳаси бўлиб, кўп сонли нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситаларининг ёпилишига, эркин журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқларнинг оддий фойдаланувчиларига нисбатан репрессияга олиб келади. Қонун лойиҳаси мамлакатда демократик маконнинг сезиларли даражада торайишига сабаб бўлади, бу Қирғизистон ўз зиммасига олган бир қатор халқаро мажбуриятларга зиддир», — дейилади мурожаатда. 

Агар қонун қабул қилинса, Қирғизистондаги «чет эл агентлари» «чет эл вакиллари» деб номланади. Улар Россиядаги «чет эл агентлари» рўйхати мезонлари бўйича тегишли реестрга киритилади: хорижий молиялаштириш ва сиёсий фаолият учун. Расмийлар «сиёсий фаолият» нимани назарда тутишини аниқлаштирмади.

Мавзуга оид