Ўзбекистон | 15:02 / 27.10.2023
7328
5 дақиқада ўқилади

Суд қарорларини кассация тартибида кўриш вилоят судларига қайтарилмоқда

Юқори инстанция судлари томонидан қуйи инстанция судларининг қарорини бекор қилган ҳолда янгидан кўриш учун яна қуйи судга юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш мажбурияти юкланяпти.

Фото: Senat.uz

Сенат ялпи мажлисида суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларга, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги тўртта қонун кўриб чиқилди.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, қонуний кучга кирмаган суд қарорлари шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорлари, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида кўриш белгиланмоқда. Қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколати вилоят суди ва унга тенглаштирилган судларга қайтарилмоқда. 

Суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси киритилиши муносабати билан Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларга, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда тафтиш инстанциясида иш юритиш тартиби батафсил ёритиляпти. 

Жумладан, қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилишини, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилишини, ишлар Олий судда тафтиш тартибида ҳамда Олий суднинг Раёсатида қайта кўрилишини, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланишини, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилишини, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, амалдаги юқори инстанция судлари томонидан қуйи инстанция судларининг қарорини бекор қилган ҳолда янгидан кўриш учун яна қуйи судга юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясига иш бўйича якуний қарор қабул қилиш мажбурияти юкланмоқда. Шу билан бирга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан апелляция шикоятини бериш муддати 20 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам бериш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Олий суд Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини, шунингдек ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур қонунларнинг мақсади ва аҳамияти одил судловнинг таянч принциплари — қонунийлик, асослилик ва адолатлилик талабларини таъминлашга қаратилган. Айнан ана шу уч омил одил судлов сифати ва самарадорлигини амалда намоён қилади.

Бунда устувор мақсад – фуқароларимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, суд сансалорлиги ва оворагарчиликларнинг олдини олиш, судларга ишончни мустаҳкамлашдир.

Афсуски, фуқароларимиз адолат излаб судма-суд овора бўлаётган ҳолатлар кўп. Жумладан, парламентга ҳам айнан суд низолари билан боғлиқ кўп мурожаатлар келиб тушмоқда.

Албатта, процессуал тартибларни ўзгартириш, такомиллаштириш жуда муҳим, бироқ бу билан муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Ёндашув, сифат ва мазмун ўзгариши керак.

Бунда асосий масъулият Олий суд, судьялик ҳамжамияти органлари зиммасидадир. Шу билан бирга, кодексларга киритилаётган ушбу янгиликлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга жиддий эътибор қаратиш, бу борада нафақат судлар, балки бошқа масъул тузилмалар, жумладан Сенат ва маҳаллий кенгашлар имкониятларини ҳам сафарбар қилиш зарур”, дея таъкидлаган Сенат раиси Танзила Норбоева.

Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид