Шу йил 24-25 октябр кунлари президент Шавкат Мирзиёев жойларда ислоҳотларнинг бориши, ҳудудлар ривожи ҳамда аҳоли турмуш тарзи билан яқиндан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлганди.

Сафар давомида давлат раҳбари таълим ва тиббиёт муассасалари ва маҳаллаларга ташриф буюриб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда кўплаб соҳалар қатори тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, соҳа олдида турган муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича қатор вазифаларни ўртага ташлади.

Бугун, 28 октябр куни Қашқадарёда вилоят ҳокими М. Азимов ва Соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятов иштирокида президент томонидан белгилаб берилган ушбу топшириқлар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган мажлис аввалида давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ҳақида сўз юритилиб, унинг механизмлари ва мазмун-моҳиятини масъуллар ҳамда аҳолига етказиш, ҳар бир топшириқни тўлиқ амалга ошириш зарурлиги алоҳида қайд этилган.

«Шу ўринда айтиш лозим, бугун Қашқадарё вилоятидаги мавжуд 2 та шаҳар ва 14 та туманда 3,5 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда айни пайтда 319 та давлат тиббиёт муассасаси, жумладан, 19 та вилоят даволаш маскани, 16 та туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 82 та оилавий поликлиника, 103 та оилавий шифокорлик пункти ва 95 та маҳалла тиббиёт пункти фаолият юритмоқда.

Кейинги йилларда вилоятда тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Бироқ соҳада ечимини кутаётган масалалар талайгина.

Мисол учун, жорий йилда рўйхатга олинган 1,6 минг нафар беморнинг 979 нафарида онкологиянинг кечки босқичи аниқланган. Қолаверса, айни пайтда ҳудуд аҳолисининг 42 фоизида ортиқча вазн муаммоси сабаб юрак қон-томир ва қандли диабет билан касалланишлар сони ортган.

Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида бу ҳолатдан ташвиш билдириб, одамлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш, вилоятда соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда вазир мазкур масалага тўхталиб, бунинг учун, энг аввало, аҳоли орасида тўғри ва соғлом овқатланишни йўлга қўйиш, ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига масъуллигини ошириш ва бу борада тиббиёт ходимлари ҳамда соҳа масъуллари халққа энг яқин кўмакчи ва суянч бўлиши лозимлигини қайд этган.