Ўзбекистон | 11:20 / 31.10.2023
7636
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Фарғона шаҳрида қазиб ташланган пиёдалар йўлагига кабел ётқизиш ишлари бошланди

Шаҳардаги кўчалардан бирининг пиёдалар йўлаги кабел ётқизиш ишларини олиб бориш учун қазиб ташлангани ортидан йўловчилар ва ҳудуд аҳолиси ҳар куни ноқулайлик, қийинчилик билан юзлашаётганди.

Фото: Видеодан кадр

Kun.uz 30 октябр куни Фарғона шаҳри Алишер Навоий кўчасидаги серқатнов пиёдалар йўлаги бир қанча муддат олдин кабел ётқизиш учун қазиб ташлангани ҳақида видеолавҳа эълон қилганди.

Унда электр кабели ётқизилмай ташлаб кетилгани, бунинг ортидан чангга ботган йўлак пиёдалар ва ҳудуддаги кўп қаватли уй аҳолиси учун ноқулай ҳолатга келиб қолгани таъкидланганди. Ҳолат юзасидан «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ изоҳ бериб, кабел ётқизиш ишлари бошланганини маълум қилди.

Таъкидланишича, ўтган куз-қиш мавсумида Фарғона шаҳридаги бир қанча электр узатиш кабел тармоқларида фавқулодда аварияли узилишлар юзага келган. Авариявий ҳолатлар истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талабининг ортиши натижасида содир бўлгани қайд этилган.

Ташкилот шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Фарғона шаҳри асосий қисмини электр энергияси билан таъминловчи электр узатиш кабел тармоқларини кенг кўламли янгилаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Мазкур лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ҳудудга шаҳар электр таъминоти корхонаси ходимларидан ташқари қўшимча мутахассислар ҳам жалб этилган. Тез орада мазкур ишлар ўз якунига етказилиши белгиланган», — дейилади расмий изоҳда.

Шунингдек, кабел тармоғини тортиш вақтида келтирилган ноқулайликлар учун фуқаролардан узр сўралган.

Мавзуга оид