Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасида давом этаётган ҳарбий тўқнашувлар фонида Ғазо секторини чет эл фуқаролигига эга 7 мингга яқин киши тарк этиш учун навбатда турибди. Бу ҳақда 2 ноябр, пайшанба куни Миср Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, улар орасида дунёнинг 60 мамлакати фуқаролари, жумладан, икки фуқароликка эга фаластинликлар ҳам бор. Фуқаролари Ғазо секторидан чиқиб кетишни кутаётган барча давлатларнинг дипломатик вакиллари Миср ҳукумати томонидан логистика ва зарур ҳужжатлар бўйича маслаҳатлашиш учун Қоҳирага таклиф қилинди.
Айни пайтда, Миср Ташқи ишлар вазирлиги хорижлик фуқароларнинг Ғазо секторини ушбу ҳудуднинг Миср билан чегарасида жойлашган Рафаҳ чегара пункти орқали тарк этиши мумкинлиги тўғрисида келишув мавжудми ёки йўқми, ҳозирча хабар бермади. Жўнаб кетиш қайси вақт оралиғида бўлиши ҳам аниқлаштирилмаган.
Ғазо секторидан чет элликларнинг кетиши ҳақида Фаластин маълумотлари
Фаластин томонига кўра, 2 ноябр куни 600 нафар хорижлик ва икки фуқароликка эга фаластинлик Ғазо секторидан Мисрга чиқиб кетиши режалаштирилган. Аниқлик киритилишича, Рафаҳ чегара пунктида АҚШ паспортига эга 400 нафар фуқаро, шунингдек, Швейцария, Италия, Греция, Нидерландия, Белгия, Венгрия, Хорватия, Мексика, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар фуқаролари чиқишни кутмоқда. Фаластин томонининг рўйхатида 2 ноябр куни ҳудудни тарк этадиган Германия фуқаролари йўқ.
Dpa агентлиги маълумотларига кўра, 1 ноябр куни Ғазо секторини тарк этиш имконияти Қатар, Исроил, АҚШ, Миср ва Ғазо секторида ҳокимият тепасида турган ҲАМАС ташкилоти ўртасида ҳам келишиб олинган. «Бу алоҳида келишув бўлиб, ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларга алоқаси йўқ», — дея ўз манбасидан иқтибос келтиради агентлик.
Хорижий фуқароларнинг Ғазо секторидан чиқиб кетиши
1 ноябр куни Рафаҳ ўтиш жойи 7 октябр кунги воқеалардан кейин илк бор хорижлик фуқаролар учун очилди. Миср Қизил Ярим Ой жамияти бўлимига кўра, шу куни Ғазо секторини тарк этган гуруҳ 285 кишидан иборат бўлди. Ўз навбатида, AFP агентлиги Миср ҳукумати вакилига таяниб, Ғазо секторидан жами 76 нафар яраланган фуқаро, шунингдек, 335 нафар хорижлик ва икки фуқароликка эга фаластинлик келганига аниқлик киритди.
Dpa агентлиги Германия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб ёзишича, 1 ноябр куни Ғазо секторини тарк этган хорижликлар орасида халқаро гуманитар ташкилотлар ходимлари бўлган Германия фуқаролари ҳам бор.

















