1 ноябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон Қозоғистонга расмий ташриф билан келди ва Остонада президент Қосим-Жўмарт Тўқаев билан музокаралар ўтказди. Франция етакчисининг Қозоғистонга ташрифи маҳаллий ва хорижий нашрларда турлича баҳоланмоқда.

Биринчидан, Қозоғистон Франциянинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади, 2022 йилда ўзаро товар айланмаси 30 фоизга ўсиб, 4 миллиард долларга етган. Франция қозоқ иқтисодиётига киритган инвестициялар миқдори 18 миллиард доллардан ошади. Мамлакатдаги ўнлаб соҳаларда французларнинг 200 га яқин компаниялари фаолият юритади.

Ташриф тафсилотлари ҳақида тўхталган Reuters нашри Макрон ташриф буюраётган Марказий Осиё давлатлари Россиянинг Украинага босқини ортидан яна Ғарб эътиборини жалб қила бошлаганини айтган. Қозоғистоннинг аҳамияти Россия жорий этилган санкциялар ортидан унинг ўринбосари ўлароқ нефт маҳсулотларини етказиб бериши ва уранга бой эканлиги билан боғлиқ. Французларнинг Orano компанияси аллақачон Қозоғистон уран саноатига кириб келган. Бундан ташқари, Қозоғистон Хитой ва Европа йўналишидаги асосий бўғинлардан бири ҳисобланади.

Остонадаги учрашувда Франция президенти Эммануэл Макрон Украинадаги уруш масаласида Москва томонида бўлишдан бош тортгани учун Қосим-Жўмарт Тўқаевни олқишлаган.

“Мен баъзилар сизга қўяётган бўлиши мумкин бўлган геосиёсий босимлар, қийинчиликларни... ҳеч қанақасига кам баҳоламайман. Франция сизнинг “ҳар қандай кучли давлатнинг вассали бўлишдан бош тортадиган, кўп векторли ва мувозанатли муносабатлар” ўрнатишга интилишингизни қадрлайди.

Биз дўстларимизнинг ва уларнинг суверенитетини ҳурмат қиламиз. Қачонки биз уларга керак бўлганимизда биз у ердамиз,” — дея Макроннинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Нашрнинг ёзишича, Ғарб давлатларининг Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик фаоллиги Россияда ташвиш уйғота бошлаган. Гарчи Кремл расмийси Дмитрий Песков Қозоғистон мустақил давлат ўлароқ ташқи муносабатларини ўзи ҳал қилишини айтган бўлса-да, РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб Россиядан “қўшнилари, дўстлари ва иттифоқчиларини” тортиб олишга ҳаракат қилмоқда, деган.

Бошқа нашрлар, хусусан Bloomberg ҳам ўз манбаларига таяниб, Макроннинг сафаридан кўзлаган асосий мақсади Франция энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, эканини айтади.