АТАЛАНТА — ИНТЕР (4 ноябр, 22:00)

Бир қатор қизиқарли статистик фактлар ушбу учрашувга алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилади, зеро ушбу мавсумда одатий тус олган баъзи серияларга айнан мана шу ўйин барҳам бериши мумкин. Масалан, бергамоликлар чемпионатда ҳали уй учрашувларида бирорта ҳам гол ўтказиб юборгани йўқ, «Интер» эса сафарда юз фоизлик натижа қайд этмоқда ва 10 гол уриб, бирор марта ҳам ўтказиб юбормаган. Умуман бутун кучли бешликда «Интер» фақат «Ницца»дан камроқ гол ўтказган холос – 5 марта.

«Аталанта» майдонида ўтган ўзаро учрашувларда эса, охирги тўрт учрашувдан бери мезбонлар ғалаба қозона олмаяпти. Умумий статистикада ҳам «Интер» олдинда: охирги 25 учрашувда 10 марта миланликлар, беш марта «Аталанта» устун келган. Ўтган мавсумда эса, ҳар икки ўйин бир хил 3:2 ҳисобида «Интер»нинг ғалабаси билан якунланганди.

Мезбонлар учун ушбу учрашувнинг аҳамияти шундаки, Гасперини шогирдлари охирги турлардаги муваффақиятли натижалардан сўнг очколар сонини 19 тага етказиб, 4-ўринга кўтарилиб олишди. Бу ўйиндаги ғалаба жамоани пешқадамлар учлигига анча яқинлаштириб қўяди. Аксинча, мағлубият учлик билан ўртадаги уч очколик фарқни янада ошириб, орқада келаётган таъқибчиларга қўшилиб кетишга сабаб бўлиши мумкин. А Сериядаги уч уй учрашуви кетма кет «Интер», «Наполи» ва «Милан» билан экани қайсидир маънода яхши имконият, бошқа томондан бироз омадсизлик ҳам. Жамоа бу вазиятдан қандай фойдалана олишига кўп нарса боғлиқ.

Жароҳатларга келсак, «Аталанта» сафида деярли йўқотиш йўқ, фақат ҳимоя марказида Скалвинининг йўқлиги сезилиши мумкин. 19 ёшли ҳимоячи ўтган мавсумдан буён жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланганди. «Эмполи»га қарши ўтган турдаги жароҳат шу ойнинг охиригача тикланмаса керак. «Интер» эса Арнаутович ва Куардадонинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Бу футболчилар шундоғам ёзда таркибга янги қўшилганини инобатга олсак, йўқотишлар йўқ деса ҳам бўлади.

НЬЮКАСЛ — АРСЕНАЛ (4 ноябр, 22:30)

Тарихан олганда ҳам, «Ньюкасл» ва «Арсенал» тўқнашуви АПЛ классикаларидан бири. «Ньюкасл»нинг ўша машҳур, 0:4 ни 4:4 га айлантирган камбэкини айтамизми, Уолкотт бенефисига айланган 7:3 ними, доим чемпионатнинг безаги бўлиб берган. Ҳатто турнир тарихидаги энг чиройли голлардан бири бўлмиш Бергкампнинг шедеври ҳам айнан «Ньюкасл» дарвозасига киритилганди. Яқинда, аниқроғи, икки йил олдин, «Арсенал» ажойиб мавсум ўтказиб, узоқ танаффусдан сўнг, ЕЧЛга қайтишга жуда яқин турганида ҳам, айнан «Ньюкасл» Артета шогирдларини чалиб қолган, 2:0 ҳисоби «Тоттенҳэм»га имконият эшикларини очиб берганди.