АҚШ давлат котиби Ироққа эълон қилинмаган ташриф билан келди
Давлат департаменти раҳбари эронпараст жангчиларни АҚШнинг Ироқдаги нишонларига ҳужум қилмаслик тўғрисида огоҳлантирди. Кипрда Блинкен Ғазо секторида гуманитар коридор бўйича музокаралар олиб борди. Қўшма Штатлар Яқин Шарққа атом сувости кемасини юборди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқдаги бир қатор мамлакатларга сафаридан сўнг Ироққа эълон қилинмаган ташриф билан келди. 5 ноябр, якшанба куни у бош вазир Муҳаммад ал-Суданий билан учрашди, деб хабар берди Ироқ давлат ахборот агентлиги.
«Кимки Ғазодаги можародан фойдаланиб, бу ердаги ёки минтақанинг бошқа мамлакатларидаги ходимларимизга таҳдид солмоқчи бўлса, буни қилманг», деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари Sky News телеканалига Ироқда жойлашган қўшинларга эронпараст жангчилар томонидан ҳужумлар кучайиб бораётган бир пайтда. Блинкен ҳужумлар ва таҳдидларни «бутунлай қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Теҳрон билан зиддиятга интилмаяпти, балки «халқни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради».
Блинкен ал-Суданий билан учрашувни «самарали, очиқ ва муҳим» деб баҳолади.
Ғазо ва Кипр ўртасидаги гуманитар коридор бўйича музокаралар давом этмоқда
Бир кун аввал Америка давлат котиби Ларнака аэропортида Кипр президенти Никос Христодулидис билан музокаралар ўтказди, унда Кипр ва Ғазо сектори ўртасида бир томонлама гуманитар йўлак яратиш масаласи муҳокама қилинди. Кипр президентининг сўзларига кўра, Никосиянинг бу ташаббуси Франция, Европа комиссияси ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланмоқда ҳамда БМТ билан ҳам тегишли музокаралар олиб борилмоқда. Ёрдам Ғазо сектори аҳолисига етиб бориши учун уни «ҲАМАС эмас», балки БМТ қабул қилади», деди Христодулидис.
6 ноябрга ўтар кечаси Энтони Блинкен Туркияга етиб келди.
АҚШ минтақага атом сувости кемасини юборди
Айни пайтда, Қўшма Штатлар Яқин Шарққа Ohio тоифасидаги ядровий сувости кемасини жўнатди, деб хабар берди АҚШ Марказий қўмондонлиги.
Аввалроқ, Исроилнинг Ғазо секторига зарбалари бошланганидан сўнг, Қўшма Штатлар тийиб туриш воситаси сифатида Шарқий Ўрта Ер денгизига бир нечта ҳарбий кемаларини, жумладан, USS Dwight D. Eisenhower ва USS Gerald R. Ford авиаташувчи кемаларини йўналтирди. Бундан ташқари, минтақага Америка ҳарбий-ҳаво кучларининг эскадрилялари - F-15 ва F-16 қирувчи самолётлари, шунингдек, А-10 ҳужумкор самолётлари юборилган.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 9 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.